Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 14 октябрь куни Tashkent City халқаро бизнес маркази ҳудудида янги меҳмонхоналар ва опера театри қурилиши лойиҳаси билан танишди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Гап анжуманлар маркази ва Hilton меҳмонхонаси ёнида жойлашган концертлар ва опера томошалари учун 150 ўринли икки қаватли бино ҳақида кетмоқда. Бинонинг баландлиги 12 метр, кенглиги 23 метр, узунлиги 44 метр бўлади. Шунингдек, овоз ёзиш, кийим алмаштириш хоналари, буфет, ошхона, тиббиёт хонаси, гардероб бўлади.

Опера театри ҳудудида автотураргоҳ ва фаввора ҳам қурилмоқда. 4000 кв. м майдонда объектни қуриш лойиҳаси турк компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Ишларни 15 кун ичида якунлаш режалаштирилган.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, мажмуа «мажмуа юртимизда санъат ривожини янги даражага кўтариш, маданий тадбирларни юқори савияда ўтказишга хизмат қилади».

Президент Tashkent city`да қурилиши якуний босқичида турган яна бир қатор иншоотларни ҳам кўздан кечирди.

Дастлаб, Tashkent city лотларида опера театри қурилиши назарда тутилмаган.

2021 йилнинг ноябрида «Газета.uz» Миллий боғ ҳудудидаги иккинчи кўл қандай қуритилгани маълумот берган эди. Дастлаб, унинг ўрнига Миллий академик драма театрининг янги биноси қурилиши кўзда тутилган бўлса, кейинчалик режалар ўзгариб, президент таклифига кўра опера театри қуришга қарор қилинди.

Ҳукуматнинг «махфий» қарори доирасида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Tashkent City халқаро бизнес маркази дирекцияси қурилиш учун буюртмачи, Enter Engineering PTE — бош пудратчи, Oil and Gas Design компанияси — бош лойиҳачи этиб танланган. Қурилиш 2021 йил 1 апрелда бошланган ва 2023 йилга қадар якунланиши режалаштирилган.