13 октябрь куни ижтимоий тармоқларда Spark русумли автомашина ҳайдовчиси пиёдалар ўтиш жойида кекса аёлни уриб юборгани акс этган видео тарқалди.

Кадрларда Spark ҳайдовчисининг тезликни ошириб, учинчи қаторга ўтиш йўлини ўзгартираётгани, шу пайт аёлнинг йўлга чиқиб, медиана томон югургани кўрсатилган.

Пойтахт ИИБ «Газета.uz» сўровига жавобан, тўқнашув тахминан соат 8:50 да Тошкентнинг Юнусобод туманида содир бўлганини маълум қилди.

«Йўл-транспорт ҳодисаси натижасида 1953 йилда туғилган аёл тан жароҳати олиб, касалхонага ётқизилди», — дейилади бошқарма хабарида.

Тошкент ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекцияси ходимлари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.