The Bell нашри таҳлилига кўра, 2023 йилнинг биринчи олти ойида Россия қўшни давлатлар, жумладан, Ўзбекистондан товарлар импортини 5,2 миллиард долларга ёки 37 фоизга оширди. Эҳтимол, Россия расмийлари шу йўсинда Ғарб санкцияларини четлаб ўтмоқда, деб ёзади нашр.

  • Журналистлар Озарбайжон, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Грузия, Тожикистон, Туркия ва Ўзбекистондан Россияга экспорт бўйича маълумотларни давлат статистикаси ва БМТ халқаро савдо статистикаси маълумотлар базаларидан (UN Comtrade) фойдаланган ҳолда ўрганиб чиқди.
  • Нашр Европа экспорти ҳақидаги маълумотларни Европанинг расмий статистика агентлиги — Евростатдан олди. Россия ўтган йилнинг бошида божхона статистикасига киришни чеклаган эди.

Нашрнинг қайд этишича, Россия импортининг ўсиши Европа Иттифоқи мамлакатлари минтақага товарлар етказиб беришни кўпайтирган бир вақтда юз берди. 2022 йилда Европа Иттифоқидан Россияга қўшни давлатларга умумий экспорт ҳажми 24 фоизга ошиб, 130 миллиард долларни ташкил этган. 2023 йилнинг олти ойи давомида бу кўрсаткич 75,8 миллиард долларни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 22 фоизга кўпдир, деб ёзади The Bell.

Шу билан бирга, Марказий Осиё давлатлари, шунингдек, Озарбайжон, Арманистон, Грузия ва Туркиядан Россияга экспорт 2021 йилдаги 17,4 миллиард доллардан 2022 йилда 25,8 миллиард долларга (ўсиш 33 фоиз) ошди.

Евростат маълумотларига кўра, Россияга қўшни давлатлар 2022 йилда Европа Иттифоқидан маълум бир турдаги товарлар импортини сезиларли даражада оширди. Улар орасида телекоммуникация ускуналари, микроэлектроника, электр жиҳозлари, транспорт ускуналари, компьютерлар, серверлар, қаттиқ дисклар ва смартфонлар бор. Ғарб давлатлари Украинага кенг кўламли босқинни бошлаганидан кейин ушбу товарларни Россияга тўғридан-тўғри етказиб беришни тақиқлади.

Евростат маълумотларига кўра, ўтган йили Европа Иттифоқидан Ўзбекистонга микроэлектроника экспорти 248 фоизга, транспорт ускуналари 276 фоизга, маълумотларни қайта ишлаш ускуналари 68 фоизга, телекоммуникация ускуналари 66 фоизга, электр жиҳозлари 39 фоизга ошган.

РБК аввалроқ МДҲнинг қатор давлатлари санкциялар фонида Россияга маҳсулот етказиб беришни оширганини ёзганди. Кейин нашр ушбу мамлакатларнинг савдо статистикаси ва UN Comtrade маълумотларини ўрганди.

Март ойида Bloomberg Европа Иттифоқи илғор Европа технологиялари ва Россия Украинада ҳарбий мақсадларда фойдаланиши мумкин бўлган бошқа товарлар импортини кескин оширган давлатларга мурожаат қилишни режалаштираётгани ҳақида ёзганди. Гап Туркия, БАА ҳамда Шарқий Европа ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ҳақида кетган.

Июнь ойида Европа Иттифоқи Россияга қарши янги санкциялар пакетини қабул қилган, унда Европа Иттифоқи Россиянинг санкцияларни четлаб ўтиш муаммосини ҳал қилиш учун пакетга янги механизмларни киритган. Бу санкцияга учраган товарлар ва технологиялар Россия бозорига кирадиган учинчи давлатларга нисбатан чекловларни жорий этишга имкон беради.