Европа Иттифоқи илғор Европа технологиялари ва Россия Украинада ҳарбий мақсадларда фойдаланиши мумкин бўлган бошқа «икки мақсадли» товарлар импортини кескин оширган мамлакатларга мурожаат қилмоқчи. Бу ҳақда The Bloomber нашри масаладан хабардор одамларга таяниб хабар бермоқда.

Мурожаатдан кўзланган мақсад савдо мониторингини кучайтириш ва санкцияланган товарларнинг Россияга етиб боришини аниқлашдан иборат.

Гап савдо оқимлари ҳақида қўшимча маълумот тўплаш ва уларнинг яхшиланган кузатуви ҳақида кетмоқда. Назорат ҳарбий мақсадларда ишлатилиши мумкин бўлган юзлаб санкцияланган товарлар ва технологияларга таъсир қилади, деди манба.

ЕИ ва G7 давлатларидан (Буюк Британия, Германия, Италия, Канада, Франция, Япония ва АҚШ) Россияга илғор яримўтказгичлар, интеграл микросхемалар ҳамда бошқа технологиялар экспорти санкциялар ва экспорт назорати жорий қилинганидан кейин сезиларли даражада қисқарди. Аммо ЕИ ва G7дан Туркия, БАА, Қозоғистон ҳамда Шарқий Европа ва Марказий Осиёнинг ўнлаб бошқа мамлакатларига юк ташиш ҳажми кескин ошди. Ўз навбатида, бу давлатлар Россияга экспорт ҳажмини кескин оширди.

Сўнгги ойларда Европа Иттифоқи янги санкцияларни қабул қилишга эмас, балки аллақачон қабул қилинган чекловларни четлаб ўтишга қарши курашга кўпроқ эътибор қаратмоқда.

Шу ҳафта Туркия божхоначилари санкцияланган товарлар транзитини тўсиб қўйишни бошлади ва бунга Россия логистика компанияларининг турк ҳамкорлари фикрича, «европаликларнинг жиддий босими» сабаб бўлди, деб ёзади The Bell. Бироқ Bloomberg суҳбатдошларидан бири келажакда маҳсулотларни реэкспорт қилиш имкониятини истисно қилмайди.

Шу ой бошида АҚШ расмийлари Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтишга қарши курашиш бўйича тавсиялар тақдим этиб, шубҳали транзакцияларга эътибор қаратишга чақирган эди. Жумладан, товарларни бир қатор давлатлар, хусусан, Ўзбекистон орқали етказиб бериш, харидорнинг маҳсулотдан якуний фойдаланиш тўғрисидаги маълумотларни тақдим этишни истамаслиги ва бошқалар.

Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича вакили Дэвид О’Салливан аввалроқ ЕИ АҚШ, Буюк Британия ва бошқа иттифоқчилар билан биргаликда компанияларнинг Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтишига йўл қўймаслик учун Россияга қўшни давлатларга экспорт ҳажмининг кескин ошишини текшираётганини айтган эди.

Қозоғистон ҳукумати вакили айбловларга жавобан Қозоғистондаги аниқ компанияларнинг Ғарб санкцияларини четлаб ўтиш учун фойдаланилгани ҳақида ҳеч қандай далил йўқлигини айтди. Арманистон ҳукумати «санкцияларни четлаб ўтишга уринишларнинг олдини олиш учун барча чораларни кўриши»га ишонтирди. Қирғизистон ҳукумати нашр сўровига жавоб бермади.

2022 йил охирида Россия Ўзбекистоннинг асосий савдо шериги сифатидаги ўрнини мустаҳкамланди. Россия билан савдо айланмаси 22,9 фоизга ошиб, 9,28 миллиард долларни ташкил этди. Россия Федерациясига экспорт ҳажми 46,8 фоизга (2021 йилда ўсиш 33,4 фоизни ташкил этган) 3,07 миллиард долларга, импорт эса 13,7 фоизга ошиб, 6,2 миллиард долларга етди.

Ўзбекистондан энергия ишлаб чиқарувчи машина ва ускуналар экспорти 5,1 баробар (172,9 млн доллар), саноат учун махсус бўлмаган машиналар ва ускуналар, машина қисмлари экспорти 2,8 баробар (81,6 млн доллар)га ўсганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Статистик маълумотларда ушбу маҳсулотлар қайси мамлакатларга етказиб берилгани кўрсатилмаган.