Мордовиянинг Саранск шаҳрида гиёҳванд модда савдосида гумон қилинган 55 ёшли ўзбекистонлик эркак қўлга олинди, дея хабар бермоқда мамлакат Ички ишлар вазирлиги.

Тезкор-қидирув тадбирлари давомида 2023 йилнинг март ойида Мордовия ҳудудида вақтинчалик рўйхатга олинган Ўзбекистон фуқароси 60 граммдан ортиқ марихуана сотиб олгани аниқланган. У гиёҳванд моддани сотиш учун ўрамга ўраб, Саранск шаҳри Веселовский кўчасидаги ижарага олинган хонадонда сақлаган.

Эркак 29 сентябрь куни Саранск бозорларидан бирида танишига 4,5 грамм марихуана сотаётганида ушланган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан унинг яшаш хонадонидан сотиш учун тайёрлаб қўйилган 40 та ўрамдаги гиёҳвандлик моддаси олиб қўйилган, дейилади хабарда.

Россия Ички ишлар вазирлигининг Саранск шаҳри бўйича тергови Жиноят кодексининг 228-моддаси 1-қисми ва 228−1-моддаси 1-қисмида (гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний сотиб олиш, сақлаш ва сотиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумон қилинган Ўзбекистон фуқаросига нисбатан жиноий иш қўзғатди.

«Известия Мордовия» нашрининг ёзишича, у кўп йиллар аввал Ўзбекистон Ички ишлар органларида ишлаган ва 2005 йилда ишдан бўшатилган. Болалари Россияда ўқиши сабабли оиласи билан бу ерга кўчиб келганини айтган.

Унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов давом этмоқда.