11 октябрь куни ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Зангиота туманида яшовчи аёлнинг эри калтаклаб қийнагани, арз қилинган тегишли идоралар эса ҳолатга эътибор қаратмаётгани ҳақида қилган видеомурожаати тарқалди.

Жабрланувчининг сўзларига кўра, у 2017 йилда Шоҳруз Бўтаевга турмушга чиққан, никоҳидан бир нафар фарзанди бор. У, шунингдек, эри психотроп дори таъсирида қайнотасини (аёлнинг отасини) пичоқлаб ўлдирганини билдирди. Эр-хотин 2019 йилда ажрашган.

«Болам билан алимент ҳам олмасдан, кўча-кўйда қийналиб, сарсон бўлиб юрдим ва шу кунгача яшадик. Охири юристлар маслаҳати билан мажбурий ижро томонидан уйга олиб кириб қўйилдик. 8 октябрь куни бу одам ташқарига телевизор овозини баланд қилиб қўйиб, мени ичкарига судраб олиб кириб, соат 11 дан соат 16 гача уриб, ҳаммаёғимни пичоқ билан қийнади», — дея таъкидлади аёл.

Аёлнинг айтишича, эри унга «қонуний ҳуқуқларидан фойдаланиб, уйга киргани учун» ўлдириш билан таҳдид қилган. Жабрланувчининг опаси Мажбурий ижро бюроси синглисига 6 ойлик ҳимоя ордери берганига қарамай, эри уни калтаклаганини билдирди.

Жабрланувчининг опаси. Фото: «Элпарвар»Жабрланувчининг опаси. Фото: «Элпарвар»

"Бир кун олдин профилактика ходимларига синглим огоҳлантириш берган экан. Лекин улар келиб, хабар олмаган. Шу сабабли у 4 соат уйдан чиқолмай, калтакланган. Унинг эри билан келишмовчилиги 6 йил аввал дадамни ўлдириб кетганидан бери бор. Эри 3 йилдан сўнг қамоқдан чиқиб келди. Эри билан ажрашгач, Мажбурий ижро [бюроси] уни уйига олиб кириб қўйганди. Унда 6 ойлик ҳимоя ордери бор эди", — деди аёл.

«Менинг уйимда қонунларга асосланиб, терпилалик қилиб, маза қилиб яшамоқчимисан? Бу уйга сени ажалинг олиб келди. Отангни ҳам билмасдан эмас, атайлаб ўлдирганман. Энди сени ҳам ўлдираман. Бу уйга олиб келишдими, энди тобутингда олиб чиқиб кетишади, деб қийнади», — дея эркакнинг сўзларини келтирмоқда жабрланувчи.

Таъкидланишича, эркак аёлнинг бошини 3−4 марта деворга урганидан сўнг у ҳушидан кетган. Унга кечиришини сўраб ялинган. Болага ҳам пул сўрамаслигини, ҳеч нима қилмаслигини айтган. Қонун доирасида ҳеч нарса талаб қилмайман деганида, эркак буни рад этиб, уни ўлдиришини айтган.

«Кўзимни ёпиб, қаердалигимни билмасдим, бир-неча марта мени қийнади. Охири Азизни бир марта кўрай, сув ичай, илтимос, дедим. Қўл телефонимга дугонам Маҳлиёдан қўнғироқ бўлаверди. У манзилни билади, ҳозир етиб келади, деб ўйлаб, телефонимни синдириб ташлади. Уришдан тўхтаб, ўзи тез ёрдамга ташлаб кетди. Агар ички ишларга ёки бошқа жойга мурожаат билан чиқсам, мени ўлдириб кетишини айтиб, таҳдид қилди. Шифохонага келганимизда шифохона томонидан 102 га қўнғироқ қилинмади, ўзимиз қилдик, экспертизага ҳам ўзимиз — шу аҳволимда бориб келдим. У собиқ ички ишлар ходими бўлгани учунми, билмадим, унга ён бошишяптими? Бизга эътибор беришмаяпти. Шифокорлар умуман гапимизни инобатга олмай, яхши қарашмаяпти. Бу аҳволимда ҳам хор бўляпман. Қаерга мурожаат қилишим, кимдан ёрдам сўрашимни билмаяпман. Менга ёрдам беринглар, илтимос», — деган аёл.

Айтилишича, аёл шифохонага ётқизилганидан сўнг унинг ёнига нотаниш эркак келиб, аёлнинг пул ундириш учун шундай ишлар қилаётганини айтган. Палатадаги касал уни чиқариб юборган.

«Элпарвар» канали ходимининг айтишича, у аёлни кўриш учун 16-сонли шаҳар шифохонасига борганда унга шифохона ходимлари бундай шахс жойлаштирилмаганини айтган. Маҳалла нозири билан гаплашилганда ҳам бундай аёл йўқ экани айтилган. «Охири биз шу 16-шифохонанинг неврология бўлими 11-палатасидан у аёлни топдик», — дейди блогер.

Видео эълон қилингач, эртаси куни Тошкент шаҳри ҳокими ўринбосари Нодира Умарова бошчилигидаги гуруҳ шифохонага етиб борган ва аёл билан суҳбатлашган. Воқеа Тошкент вилоятида содир бўлгани сабабли ички ишлар ходимлари ҳужжатларни тайёрламоқда. Ҳоким ўринбосари аёл бу воқеадан олдинги ҳолатларни ҳам ҳеч кима айтмай, ичига ютиб хато қилганини, ариза бериб, қайтиб олаверганини айтди. У Тошкент шаҳри ва вилояти биргаликда иш олиб бориши, ҳолат назоратга олинишини маълум қилди.

Тошкент шаҳри ҳокими ўринбосари Нодира Умарова (ўнгдан учинчида). Фото: «Элпарвар» Тошкент шаҳри ҳокими ўринбосари Нодира Умарова (ўнгдан учинчида). Фото: «Элпарвар»

Ҳолат юзасидан аёлнинг ўзи ички ишлар органларига хабар берганидан сўнг шифохона ҳам 102 га мурожаат қилган. Видео эълон қилингани ортидан орган ходимлари воқеа жойига чиқиб, ҳолатга аниқлик киритган. Ҳозирда терговга қадар суриштирув ишлари кетмоқда.

Бош прокуратуранинг «Газета.uz»га маълум қилишича, мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 126−1-моддаси (Оилавий (маиший) зўравонлик) билан жиноят иши қўзғатилган. ИИВ матбуот хизмати гумонланувчи қўлга олинганини маълум қилди.

Шифокор унинг аҳволини ўртача оғирликда дея баҳолади. «Тан жароҳатлари бор. Мия ички томонидан қон қуйилиши йўқ. Пешана суягида синиқ аниқланган. Унга очиқ бош мия жароҳати, бош миянинг енгил даражада лат ейиши ташхиси қўйилган. Шу бўйича бемор даволанмоқда», — деди шифокор. Ҳозирда жабрланувчи алоҳида палатада қолмоқда, тиббий назоратга олинган.

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳолатга муносабат билдирди. Унга кўра, Тошкент шаҳри ҳокими ўринбосари Нодира Умарова ва Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Зуҳра Миргазиева ҳолатни ўрганди.

Аёл билан суҳбатлашилди. Ички ишлар вазирлиги, Тошкент вилояти ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда зўравонга нисбатан қонуний жазо қўллаш ва аёлнинг соғлиғи тўлиқ тикланиб кетиши, тегишли барча даволаш ишларининг амалга оширилиши масъуллар томонидан назоратга олинган, дейилади баёнотда.