Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчиси Саид Рустамов дипломатик миссиясини якунламоқда. 12 октябрь куни у Буюк Британия ташқи ишлар вазири ўринбосари лорд Тариқ Аҳмад билан учрашди, дея хабар бермоқда «Дунё» АА.

Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари ўринбосари элчига «икки давлат ва халқлар ўртасидаги очиқ, конструктив ва дўстона муносабатларни» ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди", — дейилади хабарда.

Тариқ Аҳмад сўнгги йилларда фаоллашиб, янги мазмун билан тўлдирилаётган икки томонлама мулоқот динамикасини юқори баҳолади.

У Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва модернизацияни олқишлаб, мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштириш тарафдори эканини яна бир бор тасдиқлади.

Элчи ва Британия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Ўзбекистон-Буюк Британия ҳамкорлигининг бугунги кун тартиби ва уни кенгайтириш истиқболларини ҳам муҳокама қилди.

Саид Рустамов 2019 йил октябрь ойида Буюк Британиядаги элчи лавозимига киришган эди. Бунгача у Исроилдаги элчихонага, Ташқи ишлар вазирлигининг қатор бўлимларига раҳбарлик қилган, АҚШдаги элчи ўринбосари ва ташқи ишлар вазири ёрдамчиси бўлган.