Тошкент шаҳрида ҳаракатланувчи 2 та автобуснинг йўналишига ўзгартириш киритилди. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» хабар қилди.
Хусусан, Ўзбекистон президентининг 2023 йил 16 февралдаги «Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-59-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида, 2023 йил 16 октябрь кунидан бошлаб, 89-сонли «Қорасув 1-мавзеси — Чорсу савдо маркази» автобус йўналиши ҳаракати Чорсу савдо маркази бекатидан Пахтакор метроси АШБгача қисқартирилади. Қисқартиришдан сўнг 89-сонли йўналиш «Қорасув 1-мавзеси — Пахтакор метроси» оралиғида ҳаракатланади.
89-сонли йўналиш хизматларидан фойдаланувчи йўловчилар Чорсу савдо марказича етиб олиш учун Пахтакор метроси бекатидан 53, 64, 65-сонли автобус йўналишлари хизматларидан фойдаланиш имконияти мавжуд.
Шунингдек, 16 октябрь кунидан бошлаб, 14-сонли «ТТЗ бозори — Тошкент вокзали» автобус йўналиши ҳаракати Юзработ кўчаси бўйлаб ТТЗ автошоҳбекатигача узайтирилади. Узайтиришдан сўнг 14-сонли йўналиш ТТЗ бозоригача ҳаракатланмасдан, «ТТЗ автошоҳбекати — Тошкент вокзали» оралиғида ҳаракатланади.
Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.
14-сонли йўналиш хизматларидан фойдаланувчи йўловчилар ТТЗ бозори бекатигача етиб олиш учун 17-сонли автобус йўналиши хизматларидан фойдаланишлари имконияти мавжуд.