Тошкент аэропортида 7 октябрь куни эрта тонгда Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Истанбулдан HY-274 рейсини амалга ошираётган самолёти йўловчиси қидирувга берилгани аниқланиб, қўлга олинди.

«Газета.uz»га Ўзбекистон ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти матбуот хизматининг хабар беришича, Фарғона вилоятида яшовчи М.А. парвоз вақтида самолёт бортида сигарет чеккан. Шу сабабли ходимлар унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирмоқчи бўлган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 122-моддаси 2-қисми (Ҳаво кемаларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш; БҲМнинг 2 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади) билан баённома тузишда ушбу шахс қидирувда экани аниқланган.

У Қўқон шаҳри ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 276-моддаси 1-қисми (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай, қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, эгаллаш, ташиш ёки жўнатиш; бу жиноят БҲМнинг 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади)даги жиноятни содир қилишда айбланиб, суд органларидан яшириниб юргани учун қидирувда бўлган.

Қўлга олинган шахс тегишли тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг масъул ходимларига топширилди, дейилади департамент хабарида.