Россиядан Ўзбекистонга Қозоғистон ҳудуди орқали газ етказиб бериш расман 7 октябрдан бошланади. Бу ҳақда жума куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва РФ президенти Владимир Путин музокаралар якунлари бўйича маълум қилди.

«Эртага (7 октябрь — таҳр.) Шавкат Миромонович, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Кемелевич Токаев ва мен «Газпром»нинг Ўзбекистонга Россия газини етказиб бериш тантанали маросимида иштирок этамиз. Бу мазкур транспорт тизимларининг бутун тарихида биринчи марта содир бўлмоқда. Россиядан ишлаб чиқарилган ва Россияники бўлган газ Россиядан ҳеч қачон Марказий Осиё йўналишида юборилмаган», — деди Путин.

Россия президенти Шавкат Мирзиёев билан бу борада бир неча ой аввал келишувга эришилганини айтди. «Ўзбекистон, Россия ва Қозоғистон қисқа вақт ичида, рекорд даражада ишлади ва бундай етказиб бериш учун шароит яратди», — деди у.

Шавкат Мирзиёев Россия газининг Ўзбекистонга етказиб берилишини «стратегик лойиҳа» деб атади.

Президентлар қўшма баёнотида мамлакатлар энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш йўлидаги ҳамкорликни ўзаро узоқ муддатли манфаатларга жавоб берадиган деб билишларини таъкидладилар. Бунинг учун, жумладан, биргаликда ўзлаштирилаётган конлардан чиққан газ ва нефтни ташиш учун янги инфратузилмаларни қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш, янги электр энергияси объектларини барпо этиш, мавжудларини модернизация қилиш, қайта тикланадиган энергетика соҳасини ривожлантириш борасидаги ишлар давом эттирилади.

Президентлар тинч атом энергетикаси соҳасидаги ҳамкорлик режаларини ҳам тасдиқладилар. «Томонлар Россия Федерациясидан Ўзбекистон Республикасига табиий газ, нефть ва нефть маҳсулотларини етказиб бериш соҳасида эришилган келишувларни мамнуният билан қайд этадилар», — дейилади қўшма баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, июнь ойида Ўзбекистон ҳукумати ва Россиянинг «Газпром» компанияси ўртасида Россия газини мамлакатга етказиб бериш бўйича келишув, шунингдек, ёнилғини қабул қилиш ва ташиш учун газ ташиш тизимини тайёрлаш бўйича «йўл харитаси» имзоланган эди. Кейинроқ Ўзбекистон Энергетика вазирлиги «Газпром» билан шартнома икки йилга тузилгани, етказиб бериш ҳажми кунига 9 миллион куб метр, йиллик ҳажми қарийб 2,8 миллиард куб метр бўлишини маълум қилган.

Қозоғистон орқали Ўзбекистонга Россия гази транзит орқали етказиб бериш октябрь бошида бошланиши кутилган эди, бироқ 4 октябрь куни Қозоғистон энергетика вазири Алмасадам Саткалиев Қозоғистон Россия газини Ўзбекистонга шу ой охиридан бошлаб юборишини маълум қилди.