Қозоғистон Россия газининг Ўзбекистонга етказишни аввал режалаштирилганидек 1 октябрдан эмас, фақат октябрь ойининг охирида бошлайди. Бу ҳақда чоршанба куни Қозоғистон энергетика вазири Алмасадам Саткалиев маълум қилди, деб ёзди Vlast.kz.

Унинг сўзларига кўра, газ қувурида таъмирлаш ишлари ҳали ҳам давом этмоқда, Қозоғистонга ҳали зарур ариза келиб тушмаган.

Қозоғистон ҳудудида газни ҳисобга олиш учун алоҳида линия ажратилган ҳолда таъмирлаш ишлари якунланмоқда ва транзитни таъминлаш имконияти билан боғлиқ ишга тушириш ишлари олиб борилмоқда, деди у.

Алмасадам Саткалиевнинг қўшимча қилишича, етказиб бериладиган газ ҳажми ҳам келишиб олинмоқда ва Қозоғистон ариза келиб тушган заҳоти уларни эълон қилиши мумкин.

Июнь ойида Ўзбекистон ҳукумати ва «Газпром» ўртасида Россия газини мамлакатга етказиб бериш бўйича келишув, шунингдек, ёқилғи қабул қилиш ва ташиш учун газ ташиш тизимини тайёрлаш бўйича йўл харитаси имзоланган эди.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги «Газпром» билан шартнома икки йилга тузилгани, етказиб бериш ҳажми кунига 9 миллион куб метрни, йиллик ҳажми деярли 2,8 миллиард куб метрни ташкил этишини маълум қилди.