Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 5 сентябрь куни қабул қилинган.

Қонун билан Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб бир тоифа фуқароларни бошқа тоифа фуқаролардан устунлигини ёки нуқсонли эканини тарғиб қилганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.

Қайд этилишича, сўнгги пайтларда мамлакатда фақатгина диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳлар сони ва бунинг ортидан кўп хотинлик ҳолатлари ортиб бормоқда. Бунинг натижасида республика бўйича 2020 йилда 16 564 та ҳолатда туғилган чақалоқлар ёлғиз она аризаси асосида рўйхатдан ўтказилган бўлса, 2022 йилда ушбу кўрсаткич 18 955 тани ташкил этган.

Шу сабаб қонун билан никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга оширганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгилаш назарда тутилмоқда.

Шунингдек:

  • икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилганлик;
  • хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини очиқдан-очиқ инкор этганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Бундан ташқари, жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсган ҳолда бўлганлик учун маъмурий жавобгарлик чораси киритилмоқда.

Бунда, жавобгарликни истисно қилувчи ҳолат сифатида тиббий кўрсатма асосида ёки меҳнат ва хизмат фаолияти билан боғлиқ ҳолатларда ёхуд йўл-транспорт ҳаракатида хавфсизликни таъминлаш учун кийиладиган махсус бош-кийимда ёки спорт ва маданий тадбирлар пайтида уларнинг иштирокчилари томонидан, шунингдек, қонунчиликда рухсат этилган бошқа ҳолатларда юзини тўсган ҳолда бўлиш ҳолати белгиланмоқда.

Шу билан бирга, фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юрганлик учун белгиланган маъмурий жавобгарлик бекор қилинмоқда. «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонундан жамоат жойларида ибодат либосларида юришни тақиқловчи норма чиқариб ташланганлиги сабабли, ушбу ҳаракат учун маъмурий жавобгарлик бекор қилинади.

«Мазкур янги нормалар фуқароларимизнинг эътиқод эркинлигига мутлақо дахл қилмайди. Аксинча ҳар қандай ижтимоий муносабатлар фақат ва фақат Конституция ҳамда қонунлар асосида тартибга солинишинигина англатади», — деди Сенат раиси Танзила Нарбаева.

Қонун сенаторлар томонидан қабул қилинди.

Аввалроқ Ўзбекистон муфтийси Нуриддин Холиқназаров Ислом динида, хусусан, кийинишда ҳаддидан ошиш ҳолатларини танқид қилганди. «Бизнинг мазҳабимиз аёллар маълум бир кийимни кийишига буюрмаган, қора кийсин, юзини беркитсин, деган нарса бизнинг мазҳаб кўрсатмасида йўқ», — деганди муфтий.