Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Нуриддин домла Холиқназаров диний масалаларда, хусусан, кийим кийиш, Ҳаж ёки Умрага бори келиш ва бошқаларда ҳаддидан ошиш ҳолатлари ҳақида гапирди. Маъруза видеоси идора матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

«Бир ҳилгилар тилло тиш қўйган ёки тишларига пломба қилган одамларни орқасидан намоз ўқиб бўлмайди, деган гапларни ҳам гапиряпти. Ҳужжатингиз қаерда, далилингиз қаерда? Ким сизга ҳуқуқ берди бунақа [фатво беришга]?»

«Кейинги пайтларда Ҳаж ёки Умра масаласида ҳам ҳаддидан ошиш [кузатиляпти]. Келган одамларни ортиқча даражада улуғлашлик — бу ҳам ҳаддидан ошиш. Километрлаб оёғи остига пойандоз солишлик, ёш болаларни олиб келиб оғзига тупуртириш ва ҳоказо — ҳаддидан ошишлик. Бундай нарса қилинмайди. Аллоҳни байтидан келган бўлса, зиёратини қилиб, дуосини олади, бундан ортиғи йўқ».

«Ҳозир ота-онани ҳурмат қилишда ҳам ҳаддидан ошишлик бор экан. Ижтимоий тармоқларда кўряпмиз, бир одам онасининг оёғини ювиб, сувини ичяпти. Динимиз бунга буюрмаган. Ота-онани ҳурмат қилиш дегани, оёғини ювиб, сувини ичишлик эмас, ота-онани ҳурмат қилиш дегани Каъбанинг олдига олиб бориб, бутун дунёга кўрсатиб, ҳамманинг олдида оёғини ўпиш эмас. Уни хизматини қилиш, уни рози қилиш, уни дуосини олиш. Бундан ортиғи ғулу», — деди муфтий.

Нуриддин Холиқназаров кийинишдаги ҳаддан ошиш ҳолатлари ҳақида ҳам гапириб ўтди.

«Кийим кийиш маданиятида ҳам ҳаддимиздан ошяпмиз. Ислом дини деганда маълум бир кийимда бўлиш керак, маълум бир кўринишда бўлиш керак деган тасаввурга келиб қолинди».

«Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан бизга қолган қоида бор. Ислом динида маълум бир форма қабул қилинмаган, мумкин ҳам эмас бу, бу бир миллатнинг дини эмас, битта иқлимга келган дин эмас. «Ҳамма мана шундай кийим кийиши керак, мана бундай қилиши керак», деган нарса йўқ Исломда. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам, «Аллоҳ таоло сизларнинг кўринишингизга, суратингизга, молу дунёйингизга қарамайди. Сизларнинг тақвонгизга, Аллоҳдан қўрқишингизга қарайди», деганлар. Аллоҳдан қўрқишлик, тақво — кийим билан ўлчанмайди.

«Мусулмон бўлдингми, мана бу формага ўтишинг керак, деган гап йўқ. Бу умуминсоният учун юборилган — араблар ўзига хос, турклар ўзига хос, Индонезия, Малайзиядаги мусулмонлар ўзига хос кийимини кияди. Ўзбеклар ҳам ўзига хос. Ислом кийимда ҳам меъёрни, ҳаддини ўргатади. Ҳаддингни бил, беҳаё бўлиб бутун дунёга шарманда бўладиган кийимни ҳам кийма, ёки қоп-қора бўлиб арабча бўлиб олма. Беркитиш шарт бўлмаган жойларни беркитишга буюрилмаган».

«Меъёрда туришлик, ҳаддини билиш талаб қилинади. Бизнинг мазҳабимиз аёлларнинг юзини беркитишига буюрмаган, аёллар маълум бир кийимни кийишига ҳам буюрмаган, қора кийсин, юзини беркитсин, қоп-қора қилиб олсин, ҳатто қўлига қўлқоп тақиб олсин, деган нарса бизнинг мазҳаб кўрсатмасида йўқ. Бизнинг мазҳабда аёлнинг юзи, қўллари, қадамлари аврат эмас ва улар учун ҳам маълум бир кийим талаб қилинмайди. Фақат авратни беркитишлик меъёри талаб қилинади. Бошқа нарса йўқ».

«Агар бундан ортиғини қилса биз айтган ҳаддидан ошиш бўлади. Ҳозир шуни айтсангиз бетақволикда айблаяпти. Қолаверса, ўша жамият ичида юргандан ортиқча қилишлик аксинча кўпроқ одамларни ўзига жалб қилади. Сатр қилишликдан мақсад нима эди? Бошқаларни кўзидан ўзини эҳтиёт қилиш эди. Лекин ҳаммадан ажраб бошқача бўлиб олишлик, аксинча, ўзига қаратяпти», — деди муфтий.

Эслатиб ўтамиз, Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан жамоат жойларида шахсини таниш имконини бермайдиган даражада юзни тўсганлик учун жавобгарлик кўзда тутилган қонун лойиҳаси қабул қилинди. Қонун лойиҳаси кўплаб мунозараларга сабаб бўлмоқда.