Тошкент вилояти Тошкент туманида фуқаро иккинчи марта белгиланмаган жойга қурилиш чиқиндиларини тўкиб кетгани учун унинг юк машинаси мусодара қилинадиган бўлди. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар бермоқда.

Аниқланишича, фуқаро Қорасарой маҳалласидан оқиб ўтувчи сув бўйига «Зил» юк машинасида қурилиш чиқиндиларини тўкиб кетган. Унинг бу ҳаракатлари ҳудуддаги хонадонлардан бирига ўрнатилган кузатув камерасига тушиб қолган.

Шу сабабли фуқаро 7 сентябрь куни БҲМнинг 5 баробари миқорида, яъни 1 млн 650 минг сўм жаримага тортилган.

Аммо орадан 8 кун ўтиб, фуқаро томонидан бу ҳуқуқбузарлик такроран содир этилган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 91-прим 1-моддасида ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланганидан кейин 1 йил давомида такрор содир этилган бўлса, ҳуқуқбузарлик қуроли мусодара қилиниши белгиланган, дейилади хабарда.

Шунга асосан унинг транспорт воситаси вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига қўйилиб, мусодара қилиниши юзасидан ҳужжатлар тўпланиб, судга даъво аризаси киритилмоқда.

Ўзбекистонда 2023 йилнинг 8 ойида чиқиндиларни нотўғри жойга ташлаш билан боғлиқ 11 мингдан ортиқ қоидабузарлик аниқланган. Шунинг 600 дан ортиғи онлайн кузатув камералари орқали қайд этилган.