Ўзбекистонда йил бошидан буён белгиланмаган жойга чиқинди ташлаш билан боғлиқ 11 566 та қоидабузарлик қайд этилди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Энг кўп қоидабузарлик Самарқанд вилояти (1544), Тошкент шаҳри (1271) ва Фарғона вилоятида (1212) аниқланган бўлса, энг кам қоидабузарлик Хоразм вилоятида (332) қайд этилган.

Бошқа ҳудудларда қоидабузарликлар сони:

  • Сирдарё вилояти — 718 та;
  • Жиззах вилояти — 834 та;
  • Бухоро вилояти — 507 та;
  • Навоий вилояти — 590 та;
  • Андижон вилояти — 725 та;
  • Наманган вилояти — 804 та;
  • Сурхондарё вилояти — 983 та;
  • Қашқадарё вилояти — 444 та;
  • Қорақалпоғистон — 546 та.

Ҳолатлар бўйича жами 4,9 млрд сўм жарима белгиланган бўлса, ундан 2,5 млрд сўми ундирилган. Қоидабузарликларнинг 602 таси Тошкент шаҳри, Тошкент ва Андижон вилоятларида ўрнатилган онлайн кузатув камералари орқали қайд этилган.

«Ҳозирги кунда Наманган вилоятида, йил охирига қадар мамлакатнинг барча ҳудудларида шундай камералар ўрнатиш режалаштирилган», — дейилади матбуот хизмати хабарида.

«Газета.uz» яқин икки йилда 29 та қаттиқ маиший чиқиндилар полигонининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва 26 та қурилиш чиқиндилари полигонини ташкил этиш учун 1,1 трлн сўмдан ортиқ маблағ ажратилгани ҳақида ёзганди.