Ўзбекистондаги пиёдалар учун белгиланган пиёдалар ўтиш жойидан ўтиш белгиланмаган жойдан ўтишдан кўра хавфлироқ. Бу ҳақда «Транскасб» корхоналар уюшмаси бошқарув раиси ўринбосари, эксперт Носиржон Зокиров Кun.uz билан йўл-транспорт ҳодисалари ҳақидаги суҳбатда айтиб ўтди.

Унинг таъкидлашича, аввало, пиёдалар ўтиш жойларидаги шароитни яхшилаш керак.

«Олдин шароит яратиш керак, кейин [ҳайдовчилардан] бир нарса талаб қилиш керак. Масалан, пиёдалар ўтиш жойи ҳақида. Ўзбекистондаги пиёдалар учун пиёдалар ўтиш жойидан ўтиш белгиланмаган [пиёдалар ўтиш] жойидан хавфлироқ. Чунки пиёдалар ўтиш жойлари яхши ташкил қилинмаган», — деди эксперт.

«Тошкент шаҳрида Зулфияхоним кўчаси бор, шу ерда 2022 йил декабрда йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Аёл боласи билан ўтаётганда машина уриб кетган. Шу бўйича кўрсатув тайёрладик. Менга кўрсатишди, [у ерда] белги жуда паст жойлаштирилган бўлган. Кейин, ҳайдовчида умуман имкон бўлмаган пиёдалар ўтиш жойи белгисини кўришга. Мен ҳайдовчини оқлаётганим йўқ, [у белгини] кўришни иложи йўқ, чунки у ерда бир қанча белгилар бор, уни орасида [пиёдалар ўтиш жойи белгиси] бекилиб қолган. Чап томонда хавфсизлик оролчаси йўқ. Мана шунақа хавфли ўтадиган жойда, албатта, йўлни ўртасида чизиқни устига пиёда қатнов қисмининг иккинчи томонидан хавфсиз ўтиши учун хавфсизлик оролчаси бўлиши керак», — деди Носиржон Зокиров.

Унинг айтишича, пиёдалар ўтиш жойи яқинига ҳайдовчилар учун 1.20 (Пиёдалар ўтиш жойи) огоҳлантирувчи белгисини қўйиш керак. Ҳозирда ушбу белги Тошкент шаҳрида жуда кам.

«Ҳайдовчи ўнгдаги белгини кўрмаса, чапдаги белгини кўриш керак… Бир таклиф бор, эшитишади, бошқа қилинади, лекин шу иш қилинмайди. Пиёдалар ўтиш жойида ЙТҲ содир бўлади, кейин масъул ходим айтадики, „ўтиш жойи кўриниб турибди, белгилар ўрнатилган“, деб. Тўғри, 5.16.1, 5.16.2 белгилари ўрнатилган, бу бевосита пиёдалар ўтиш жойига ўрнатилган, лекин [бундан] олдин ўрнатиладиган белги бор. Мана бу белги (1.20 белгисини кўрсатиб) ҳайдовчилар учун, пиёдаларга алоқаси йўқ. Бу белгини кўргандан кейин ҳайдовчи ҳушёрликни ошириб, тезликни пасайтириб, яқин орада пиёдалар ўтиш жойи борлиги ҳақида огоҳ бўлади. Бу белги фақат ўнг томонга эмас, чап томонга ҳам ўрнатилади. Шу белги пойтахтда 10 та ҳам чиқмайди… Ҳайдовчига шароит яратиш шундай бўлади», — деди эксперт.

йтҳ, пиёдалар ўтиш жойи

Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорида 2024 йил 1 январдан бошлаб аҳоли пунктларида барча янги қурилаётган икки ва ундан ортиқ полосали автомобиль йўлларида пиёдалар ўтиш йўлакларини светофорлар билан тўлиқ жиҳозлаш мажбурий бўлиши белгиланган.

Тошкентнинг «ўлим кўчалари»даги кўплаб ўтиш жойлари тартибсизлигича қолмоқда. Узоқ йиллар давомида мутахассислар бир нарсани бот-бот такрорлаяпти: тартибга солинмаган ўтиш жойлари фақат битта «полоса»ли йўлларда бўлиши мумкин.

ЙТҲларнинг аксарияти ҳайдовчилар пиёдага йўл бермаслиги ва кўчани нотўғри жойдан кесиб ўтиш билан боғлиқ. Демак, одамлар икки «полоса»дан кўпроқ масофани кесиб ўтиши керак бўлса, у ерлар светофорлар билан таъминланиши лозим.

Ўзбекистонда бир неча йиллардан бери йўл-транспорт ҳодисаларида ўлим ва жароҳатланиш ҳолатларини камайтириш учун Vision Zero (ЙТҲларда ўлим даражасини нолга тушириш) концепциясини жорий этиш режалари ҳақида гапирилмоқда.

Аввалроқ, Ўзбекистонда 2023 йилнинг дастлабки 7 ойида 4772 та ЙТҲ қайд этилгани, уларда 1115 киши вафот этган, 4564 нафари тан жароҳатлари олгани хабар қилинганди.