2024 йил 1 январдан бошлаб аҳоли пунктларида барча янги қурилаётган икки ва ундан ортиқ полосали автомобиль йўлларида пиёдалар ўтиш йўлакларини светофорлар билан тўлиқ жиҳозлаш мажбурий бўлади. Бу президентнинг «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорида келтирилган.

«Газета.uz» кўп полосали кўчаларда тартибга солинмаган ўтиш жойлари бўлишига йўл қўймаслик ҳақида кўп марта ёзган (Ўхшаш хабарларга қаранг). Ривожланган мамлакатларда пиёда бир нечта полосани кесиб ўтиши керак бўлса, светофор ўрнатилади. Тошкентда тартибга солинмаган чорраҳалардаги светофорлар одатда ўлим билан якунланган йўл-транспорт ҳодисаларидан кейин пайдо бўлади.

Ўтган йили Тошкент шаҳридаги бир қатор йирик чорраҳаларни реконструкция қилиш жараёнида «бирдан ортиқ полоса — светофор керак» тамойили белгилаб қўйилган. Шунга қкўра, Тошкентнинг айрим тартибга солинмаган кўплаб пиёдалар ўтиш жойларига светофорлар ўрнатилмоқда. Улардан баъзилари бир неча пиёдалар вафотидан кейингина тартибга солинди.

Пойтахт ЙҲХХ светофор қўйилаётган пиёдалар ўтиш жойларини қайси мезонларга кўра танлаётганини аниқлай олмадик. Нашрнинг Транспорт вазирлигидаги манбасига кўра, булар «ЙПХ томонидан ЙТҲ хавфи мавжуд нуқталарни бартараф этиш учун чоралар» ҳисобланади.

Шунингдек, Тошкентнинг «ўлим кўчалари»даги кўплаб ўтиш жойлари тартибсизлигича қолмоқда. Узоқ йиллар давомида мутахассислар бир нарсани бот-бот такрорлаяпти: тартибга солинмаган ўтиш жойлари фақат битта «полоса»ли йўлларда бўлиши мумкин.

ЙТҲларнинг аксарияти ҳайдовчилар пиёдага йўл бермаслиги ва кўчани нотўғри жойдан кесиб ўтиш билан боғлиқ. Демак, одамлар икки «полоса»дан кўпроқ масофани кесиб ўтиши керак бўлса, у ерлар светофорлар билан таъминланиши лозим.

Ўзбекистонда бир неча йиллардан бери йўл-транспорт ҳодисаларида ўлим ва жароҳатланиш ҳолатларини камайтириш учун Vision Zero (ЙТҲларда ўлим даражасини нолга тушириш) концепциясини жорий этиш режалари ҳақида гапирилмоқда.

Аввалроқ, Ўзбекистонда 2023 йилнинг дастлабки 7 ойида 4772 та ЙТҲ қайд этилгани, уларда 1115 киши вафот этган, 4564 нафари тан жароҳатлари олгани хабар қилинганди.