Россия қўшинлари Украинада қўллаган Эрон камикадзе-дронларида Европа компонентлари бўлгани аниқланди, дея хабар берди The Guardian Киевнинг август ойида G7 мамлакатларига жўнатган махфий ҳужжатига таяниб.

Ҳужжатда сўнгги уч ой ичида Украина шаҳарларига Европа компонентлари бўлган дронлар томонидан 600 мартадан ортиқ ҳужум қилингани айтилади. Shahed 131 учувчисиз аппаратида Ғарбда ишлаб чиқарилган 52 та компонент топилган. Shahed 136 дронида эса бундай қисмлар сони 57 тани ташкил этган.

Украина расмийларига кўра, дронларда топилган компонентлар Европанинг 5 та компанияси томонидан ишлаб чиқарилган.

Шу билан бирга, ҳужжат дронларга компонентлари ўрнатилган Ғарб компаниялари санкцияларни бузганини даъво қилмайди, деб ёзади The Guardian.

«Эроннинг учувчисиз учиш аппаратлари ишлаб чиқариш жараёни асосан мавжуд тижорий компонентлардан фойдаланишга мослаштирилган, уларнинг етказиб берилиши ёмон назорат қилинади ёки умуман назорат қилинмайди», — дейилади Украина ҳисоботида.

Украина маълумотларига кўра, божхона ҳисоботлари Эронга бу воситаларнинг деярли барчаси Туркия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Вьетнам ва Коста-Рикадан импорт қилинганини кўрсатган.

Украина ҳукумати Ғарбдаги иттифоқчиларига бу муаммони «Эрон ва Суриядаги дронлар ишлаб чиқарадиган заводларга, шунингдек, Россиядаги потенциал ишлаб чиқариш ҳудудига ракета зарбалари» ёрдамида ҳал қилишни таклиф қилган. Ҳужжатда таъкидланишича, Украина ҳарбийлари бундай зарбаларни агар иттифоқчилар Украинани «зарур воситалар» билан таъминласа, бериши мумкин.