25 сентябрь куни кечқурун Тоғли Қорабоғдаги Степанакерт-Аскеран автомобиль йўлидаги ёнилғи омборида юз берган портлаш оқибатида камида 20 киши ҳалок бўлди, дея хабар бермоқда «Арменпресс» тан олинмаган республика Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб.

Турли оғирликдаги куйиш жароҳатлари билан 290 нафар бемор тиббиёт муассасаларига етказилган, улардан ўнлаб кишиларнинг аҳволи оғир, деб таъкидлади Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Вазирликнинг қўшимча қилишича, бедарак йўқолганлар ҳам кўп. Уларнинг сони аниқланмаган. Қайд этилишича, Тоғли Қорабоғдаги тиббий имкониятлар етарли эмас.

Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси парламенти депутати Метаксе Акопяннинг News.am нашрига айтишича, портлаш содир бўлган омборхонада Қорабоғдан Арманистонга кетаётган одамларга бензин тарқатилган.

Арманистонлик шифокорлар бўлган биринчи вертолёт 26 сентябрь куни Степанакертга учиб, ярадорлар билан бирга Сисианга қайтди, дея аниқлик киритмоқда News.am.

Қорабоғдаги Россия тинчликпарвар контингенти шифокорлари ҳам жабрланганларга ёрдам кўрсатмоқда, дея хабар берди тинчликпарвар кучлар қўмондонлиги яраланган аҳолининг суратларини эълон қилиб.

Минтақада можаро авж олаётган бир пайтда этник арманлар Тоғли Қорабоғни кўпчилик бўлиб ташлаб кетмоқда. Арманистон ҳукуматига кўра, Арманистонга аллақачон 13,5 мингдан ортиқ қочқин кириб келган. Тан олинмаган республика расмийлари аввалроқ Озарбайжон таркибида яшашни истамайдиган ва этник тозалашдан қўрққан 120 мингдан ортиқ Қорабоғ аҳолиси минтақани тарк этишни режалаштираётганини билдирганди.

19 сентябрь куни Озарбайжон тан олинмаган республикада «аксилтеррор операцияси» бошланганини эълон қилган ва Степанакертни ўққа тута бошлаганди.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

20 сентябрь куни томонлар ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича келишувга эришган. Тоғли Қорабоғ ҳукумати Озарбайжоннинг талабларига рози бўлган: тан олинмаган республика армияси тарқатиб юборилади ва унинг ҳудудидан ҳарбий техника олиб чиқилади. Келишувга кўра, маҳаллий аҳолининг реинтеграцияси ва хавфсизлиги масалалари Озарбайжон вакиллари билан учрашувларда ҳал этилиши керак.