Тошкентдаги собиқ Akfa университетининг 2 йил тайёрлов курсини битирган талабалари ҳеч қандай сабабларисиз олийгоҳдан четлатилди. Улар на дарсга, на муассаса ҳудудига киритилмоқда. Масъуллардан жавоб ололмаган ота-оналар «Газета.uz»га мурожаат қилди. Ҳолатни ўрганиш мақсадида «Газета.uz» олийгоҳга келди ва ота-оналар билан суҳбатлашди.

Аввалроқ Central Asian University (собиқ Akfa)нинг амалдаги ва собиқ раҳбарлари баёнотини ҳамда бир-бирига қўйган айбловларни эълон қилгандик. Уларнинг можароси оқибатида талабалар ва уларнинг ота-оналари жабр кўрмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, августда 2-курс талабалари рўйхати қаторида уларнинг ҳам исм, фамилияси чиққан. Олийгоҳдаги 1 ҳафталик ўқишдан кейин огоҳлантиришларсиз ўқишдан ҳайдалишган. Улар 2 йиллик курсга сарфланган 40 млн сўм, қолаверса, университетнинг 2-курси учун тўлаган контракт пуллари ҳавога учгани, энг муҳими — 2 йил умри зое кетганидан хавотирда.

«Akfa университети ҳақида интернетда реклама кўриб қолдик. Бу ерга келиб, маълумот олдик, уларнинг айтишича, мактабнинг 10−11-синф пайтида ўқиб, битирганимизнинг сўнг университетнинг 2-босқичига ўтиш имкониятига эга бўлишимизни айтишди. Ўртада университетимиз ребрендинг бўлганидан кейин муаммолар бошланди. Яқин кунларда Part-time дастурида ўқиганимиз ноқонуний бўлганини айтиб қолишди. Жума куни келганимизда бизни киргизишмади, Face-ID`ларимизни олиб қўйишди. Билсак, ҳайдалганлар рўйхатида эканмиз. 'Подкурс' пайтида ҳам йилига 20 млн сўмдан 40 млн сўм тўлаганмиз, ўқиш бошланганда ҳам жами 42 млн сўм контракт пулининг ярмиини тўлаганмиз», — деди талабалардан бири Абдуллоҳ Абдуллаев.

«Бизни ишонтиришган. Ҳамма ота-она шунга ишонган. Бунақа бўлишини билганимизда ҳеч қим ўқитмас эди. Ҳозир йилидан ҳам, пулидан ҳам ютқизяпмиз», — деди талабалардан бирининг онаси.

«Фарзандларимизга иккинчи босқичга қабул қилиндингиз, деган хабар келган. Шундан кейин контракт пулини тўлаганмиз. Буни тан олишмаяпти, қаерга борсанглар, ўзинглар биласизлар, дейишди. Олдинги раҳбар қўл қўйган ҳамма ҳужжатларни янгиси тан олмаяпти. Қизиғи, қишқи сместерда ҳам, ўқиш бошланганда ҳам буни билишмаган. Наҳотки, ўтган йили ректор бўлиб туриб, шу пайтгача хабари бўлмаса? Одамларни бундай алдаш керак эмас», — деди улардан яна бири.

Талабалардан бирининг айтишича, янги раҳбарият, талабалар ва уларнинг ота-онаси билан ўтказилган учрашувда Камрон Ғуломов «ёқмаса, болаларингни ўқитманглар, бу йил 1500 нафар бола қабул қилинган, бу йилдан тиббиёт йўналиши учун контракт 100 млн сўм бўлади», дея ота-оналарнинг кўплаб саволларини жавобсиз қолдирган ҳолда мажлисни тарк этган.

«Шундай бўлгандан кейин хусусий университетларга ишонч қолмади. Пулни олди, ўқитди лекин шартномадаги ваъдасида турмаса. Шунча йил ўқидик, университет шаҳарда эмас, совуқ кунларда ҳам қатнаб ўқидик. Бизга берган ваъдаларини оқлай олишмади…Бу ерда янги ва эски раҳбарият ўртасидаги низога биз жабрдийда бўлиб қолдик. 3 йил умримни йўқотдим. Бунга ким, қандай қилиб жавоб беради?», — деди талабалар.

Вазиятга холис ёндашиш мақсадида «Газета.uz» олийгоҳ масъулларидан изоҳ олишга ҳаракат қилди. Бироқ улар саволларга жавоб беришни истамади.