Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 19 сентябрь куни бўлиб ўтган мажлисида депутатлар йўллардаги радарлар масаласини муҳокама қилди. Уларнинг фикрича, ҳайдовчиларга тезликни қайд этувчи қурилмалар йўлнинг қайси қисмида ўрнатилганини олдиндан билиш имконияти яратилиши керак. Жамоат фаоллари эса уларнинг гапларини популистик деб атади.

Мажлисда депутатлар бош вазир ўринбосари Ачилбай Раматовга «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати тўғрисида» Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақидаги масаласини кўриб чиқди.

Дастлаб Спикер ўринбосари Алишер Қодиров ҳайдовчиларнинг ҳуқуқларини таъминлаш нуқтаи назаридан айрим хатоликларга йўл қўйишаётганини тан олди.

Унинг таъкидлашича, машиналар тезлигини чеклашдан мақсад ҳайдовчиларни жаримага тортиш эмас. Асл мақсад фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ҳисобланади. Шу сабабли, замонавий технологиялар орқали машиналар тезлиги чекланади ва йўлларнинг маълум қисмларида тезлик назоратга олинади.

«Масалан, мактаблар олдида тезлик соатига 30−40 километр даражасида чеклангани болаларимиз хавфсизлиги учун қилинган. Лекин тадбиркорларга берилган радар мосламаларидан катта йўлларда, трассаларда, тезлик соатига 60 ёки 100 километр даражасида чегараланган жойларда нотўғри фойдаланиш ҳолатлари учрамоқда ва бу жамоатчилик эътирозига сабаб бўлмоқда», — деди «Миллий тикланиш» партияси етакчиси.

Унинг айтишича, ҳозирда йўлда ҳайдовчилар қоидани бузиши учун сунъий равишда шароит яратилаётгани ҳам кузатиляпти.

«Бугун масалан 2, 3 мартта кетма-кет жаримага тушгандан кейин, ҳайдовчи учун йўл жуда оғир муаммога айланмоқда. Жарималарнинг жуда кўп миқдори тадбиркорларга берилган радарлар орқали ундирилаётганини кўряпмиз. Йўлда ҳайдовчилар қоидани бузиши учун сунъий равишда шароит яратилаётганини ҳам кўряпмиз. Масалан йўлда чекланган тезлик 60 бўлган жойдан 100 бўлган жойга ўтиш оралиғида радар туриб, 70 тезлик учун жарима ёзмоқда. Бу қоидабузарлик йўлнинг айнан қайси қисмида юзага келаётганини аниқлаш учун техник имкониятлар йўқ. Бу ҳолатда тадбиркор ҳақ бўлади ва ҳайдовчи жарима тўлашга мажбур бўлади», — дейди Алишер Қодиров.

камера, нуриддин исмоилов, радар, хушнудбек худойбердиев, қонунчилик палатаси

У парламент сўровида айнан шу масала акс этишини исташини таъкидлади.

«Бугун тадбиркорлар билан ҳайдовчилар ўртасида сичқон-мушук ўйини бўлаётганини кўряпмиз. Йўлда ҳудди қуённи овлагандек ҳайдовчиларни жаримага мажбурлашяпти ва ўйлайманки, бу одамларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Тадбиркорларни айнан шу ишга жалб қилиб тўғри қилдикми? Бу нарса ўзини оқладими ёки йўқми? Агар оқламаган бўлса бу бўйича қарор қабул қилишимиз ва ҳайдовчиларни сунъий муаммолардан озод қилишимиз тўғри бўлади», — деди Алишер Қодиров.

Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов эса бунга жавобан тадбиркорларни жалб қилиш тўғри ёки нотўғри бўлгани ҳақидаги саволга Раматов эмас, жамият, депутатларнинг ўзи жавоб бериши кераклигини қайд этди.

«Ўзи қоида қандай бўлиши керак? Ҳайдовчи йўналишга чиққанда радар борлигини қўлидаги смартфон орқали билиб туриши керак. Шунда биз ҳайдовчининг ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаган бўламиз. Бир жойга беркитиб қўйилган ёки машиналар ичига қўйилган камералар тўғри келмайди. Ҳайдовчи буни ҳам билиши керак. Майли, машина ичида бўлса ҳам қўйишсин, лекин ҳайдовчига буни ҳам айтиш керак. Фалон жойда радар бор деган белги албатта бўлиши керак. Бўлмаса у маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича жаримага тортилиши нотўғри», — деди спикер.

У, шунингдек, парламент сўровида бу масалаларга атрофлича жавоб олгандан сўнг, бу бўйича керак бўлса тегишли қонунни ишлаб чиқиш кераклигини қўшимча қилди.

Муҳокамалардан кейин парламент сўровини бош вазир ўринбосари Ачилбай Раматовга юбориш депутатлар томонидан маъқулланди ва тегишли қарор қабул қилинди.

камера, нуриддин исмоилов, радар, хушнудбек худойбердиев, қонунчилик палатаси

Жамоатчилик муносабати

Қонунчилик палатасида бу муҳокама блогерлар томонидан танқид қилинди. Хусусан, Davletovuz Telegram канали асосчиси Қобил Ҳидиров депутатлар бунинг ўрнига йўлларда ўлимлар сонини камайтириш ҳақида ўйлаши кераклигини таъкидлади.

«Парламентимизнинг катталари балки йўлларда ўлимни камайтириш бўйича ҳукуматга сўров киритар? Йўл инфратузилмасини яхшилаш ҳақида қайғуриш керакдир? Ҳалок бўлаётган пиёдалар ҳақида ўйлаш керакдир? Йўқ, буларнинг эси-дарди радар, ҳайдовчиларга қўшимча шарт-шароитлар яратиш. Уялишса бўларди», — деб ёзган у.

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Ҳудойбердиев ҳам депутатлар аслида йўллардаги ўлим сонини камайтириш ҳақида кўпроқ ўйлаши кераклиги ҳақида ёзди.

«Ҳақиқий ва тирик депутатлар аслида йўллардаги ўлим сонини камайтириш ҳақида кўпроқ ўйлаши керак. Нима учун ҳалигача жарима балли тизим ишга тушмаётгани, нима учун ҳалигача ашаддий қоидабузарлар ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинмаётгани, нима учун ҳалигача „права“ сотишга чек қўйилмаётгани, нима учун йўлларда одам ўлдирган ҳайдовчиларга енгил жазо берилаётгани, нима учун ҳалигача йўлларимиз абгорлиги ҳақида савол ва талаб қўйиши керак аслида», — деган у.

Шунингдек, ҳуқуқшунос депутатларнинг бу муҳокамаси популистик гаплардан иборат эканини таъкидлаган.

«Булар эса тезликсевар «террористлар»нинг ғамини ейишни истайди. Фақат радар бор жойдагина секин юриб, бошқа жойда «учадиган» қоидабузарларга ёқадиган популистик гапларни гапиради. Уларга ёқмоқчи бўлади. Чунки жамиятимизда радардан «жабр» кўрган тезликсеварлар миллионта, улар бу гапларга қарсак чалади (лекин секин юрса жарима келмаслиги ҳақида ўйламайди). Ўлганлардан эса фойда йўқ, улар депутатларни мақтай олмайди», — деб ёзган блогер.

Фото: Жиззах вилояти ИИБФото: Жиззах вилояти ИИБ

Бундан ташқари, у айнан шу парламент бир пайтлар рухсатсиз тонировка ўрнатганлик учун йўл-ҳаракатига оид Ўзбекистондаги энг оғир жазони бериш ҳақидаги қонунни қабул қилгани ва маъқуллаганини эслатган.

«Масалан, орқа ён ойнага рухсатсиз тонировка ўрнатиш қизил чироқда ўтишдан оғирроқ, маст ҳолда рулга ўтирганлик билан бир хил эди (ҳозир орқа ён ойнага рухсат шартмас, олд ён ойнага рухсат ва тўлов қилиш керак). Бу аҳмоқона қонун ҳалигача кучда турибди», — дейди Хушнудбек Ҳудойбердиев.

Унинг бу постига бир оз вақт ўтиб Алишер Қодиров ўзининг Telegram каналида жавоб қайтарди.

«Биз тезлик эмас, тартиб тарафдори бўлаяпмиз блогер дўстларим, хулоса қилаётганда тезликни оширманг! Ҳамма қоидага риоя қилсин! Тезликни ўлчаш мосламалари белгиланган жойда, белгиланган тартибда турсин ва ишлатилсин, қоидадан мақсад тезликни чеклаш, пул топиш эмас!», — деб ёзган Алишер Қодиров.

У радарчи тадбиркорларга «адвокатлик қилмасликни» сўраган.

«Тадбиркор тезюрар пуллик йўллар қурсин, йўл четида йўловчиларга қулайлик яратиб хизмат кўрсатсин, даромад қилсин, барака топсин, бой бўлсин! Одамларимизни кўпида судда ҳақини тортишишга сабри ва билими етмайди, қарз бўлса ҳам эзилиб жарима тўлайди, лекин давлатдан норози бўлади! Радарчи тадбиркорларга адвокатлик қилиб одамларни чалғитиш, мавзуни автоҳалокатлар, фожиалар билан «ўраш»га ҳаракат қилманг, бу мавзуни вақтида роса ишлаганмиз ва қонунчиликни кўп ўзгартирганмиз», — дейди «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси раҳбари.

«Сизни нима ёки ким бунчалар тўлқинлантириб юборди? 500 метр аввал огоҳлантириш белгиси қўйилган радарни ортида темир тиргак турадими, акаларингиз турадими, нима фарқи бор, турса бўлдида, тезлик чекланади! Ёки фарқи борми?», — деб қўшимча қилган у.