Ўзбекистон Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Озарбайжоннинг Report ахборот агентлигига интервью бериб, мамлакат Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини тиклаш борасидаги қатъиятини олқишлашини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, айни дамда Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатлари олтин даврни бошдан кечирмоқда.

«Бугун Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар тарихда мисли кўрилмаган даража, десак бўлади. Ўтган йили президент Илҳом Алиев Ўзбекистонга уч марта ташриф буюрди. Адашмасам, бунақаси биринчи марта кузатилмоқда. Бугун биз сиёсий мулоқотни, ўзаро тушунишни янада кучайтиряпмиз, иқтисодий алоқалар ривожланмоқда», — дея Сафоевнинг сўзларидан иқтибос келтирган агентлик.

Сенат раисининг биринчи ўринбосари Ўзбекистон президентининг Озарбайжонга сўнгги икки ташрифи чоғида Фузулий шаҳрида мактаб очилганидан ва у ерда ўқувчилар ўқиётганидан хурсанд эканини таъкидлаган.

«Ушбу ташриф доирасида мен ҳам давлат раҳбарига ҳамроҳлик қилдим. Биз бир томонда Арманистон 30 йил ичида вайрон қилган шаҳарлар, қишлоқлар ва аҳоли пунктларини, иккинчи томонда эса Озарбайжон қисқа фурсатда қайта жонлантирган Қорабоғни кўрдик. Ҳудуд қайта тикланганидан жуда хурсанд бўлдик», — дейди Содиқ Сафоев.

У, шунингдек, Ўзбекистон ҳар доим Озарбайжоннинг қонуний кураши бўйича ўз позициясини аниқ баён қилиб келганини таъкидлаб ўтди.

«Биз Озарбайжоннинг барча соҳаларда, айниқса, ҳудудий яхлитлик ва адолатни тиклаш борасида эришаётган ютуқларидан мамнунмиз. Биз Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини тиклаш ва ҳимоя қилишда барча қийинчиликларга қарамай олиб бораётган адолатли курашида қўллаб-қувватлаймиз, ҳукумат ва халқнинг қатъиятини олқишлаймиз. Ишончим комилки, Озарбайжон яқинда Қорабоғни дунёнинг энг жаннатмакон ҳудудларидан бирига айлантиради, Шуша эса унинг гўзаллигидан баҳраманд бўлишлари учун қучоғини очиб, бутун дунёдан меҳмонларни кутиб олади», — дея таъкидлади Сафоев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қорабоғда 9 сентябрда бўлиб ўтган деб аталмиш президентлик сайловларини тан олмаслигини маълум қилганди.

Ўзбекистон Республикаси дўст Озарбайжон Республикасининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қатъий қўллаб-қувватлайди, унинг ички ишларига ҳар қандай аралашувни қоралайди ва Қорабоғда ўтказилган қўштирноқ ичидаги президент сайловларини тан олмайди, дейилган баёнотда.

Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси (ТҚР) парламенти 9 сентябрь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари йиғилишда ТҚРнинг янги президенти сифатида 45 ёшли Самвела Шахраманянни сайлаган. «Яширин овоз беришда 23 нафар депутат қатнашди, улардан 22 нафари Шахраманян номзодини ёқлаб, бир нафари қарши овоз берди», — дея «Интерфакс» тан олинмаган республика парламентига таяниб хабар берди. Шахраманян президент лавозимига ягона номзод эди.

1 сентябрь куни тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси президенти Араик Арутюнян парламентга истеъфога чиқиш тўғрисида ариза топширганди. Сайловларнинг қонунийлиги Европа Иттифоқи томонидан ҳам тан олинмади.

20 сентябрь куни эса Озарбайжон ҳарбийлари тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси ҳудудида «аксилтеррор тадбирлари»ни ўтказа бошлади.

«2020 йил 10 ноябрда имзоланган уч томонлама декларация қоидаларини таъминлаш, Қорабоғ иқтисодий районида кенг кўламли провокацияларни бостириш, Арманистон қуролли кучларини ҳудудларимиздан чиқариб юбориш ва қуролсизлантириш, уларнинг ҳарбий инфратузилмасини зарарсизлантириш, босқиндан озод қилинган ҳудудларга қайтган тинч аҳоли, давлат хизматчилари, қурилиш-таъмирлаш ишларига жалб этилган ҳарбийларимиз хавфсизлигини таъминлаш ҳамда Озарбайжон конституциявий тузумини тиклаш бўйича минтақада маҳаллий аксилтеррор тадбирлари бошланди», — дейилади Озарбайжон Мудофаа вазирлиги баёнотида.

Арманистон Мудофаа вазирлиги эса мамлакат чегараларида вазият барқарор эканини эълон қилган.

Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ бўйича можаро 1980-йилларнинг охиридан бери давом этиб келади. 2020 йил сентябрь ойи охирида вазият яна кескинлашганидан сўнг Ереван Тоғли Қорабоғнинг бир қисмини Боку назоратига қайтаришга рози бўлган ва томонлар ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисида келишув имзолаган. Ўзаро ҳудудлар туташган чизиқ бўйлаб Россия тинчликпарвар миссияси жойлаштирилди.