Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов 16 сентябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида сентябрь ойи бошидан тўлов тизимлари учун трансчегаравий операцияларни амалга оширишга тақиқ жорий этилганининг сабабини тушунтирди, деб хабар берди «Газета.uz» мухбири.

Унинг қайд этишича, тартибга солувчи орган тўлов ташкилотларига Ўзбекистон ҳудудида операцияларни амалга ошириш учун лицензиялар берган, яъни улар учун трансчегаравий операциялар нолицензион фаолият ҳисобланади.

«Мен сизга нима учун бунга кўз юмиб келганимиз, кейин эса шундай қарор қабул қилишимизга тўғри келганини тушунтираман. Аввало, [тўлов ташкилотлари] мигрантларнинг маблағлари ўтказилаётганини айтишди — бўлмаган гап. Мен буни тўғри маънода айтяпман. Тўлов ташкилотларининг [мигрантлардан] пул ўтказмалардаги улуши 1 фоизни ҳам ташкил этмайди», — деди Марказий банк раиси.

Унинг сўзларига кўра, тўлов тизимлари мижозлар номидан конвертация билан боғлиқ операцияларни амалга ошира бошлаган.

«Яъни, масалан, сиз Россиянинг қаеридандир рублда пул ўтказмасини амалга оширасиз, тўлов ташкилоти эса буни бу ерда экспорт даромади сифатида қайд этади. Қанақа экспорт операциялари? Улар сизга хизмат кўрсатади ва тегишли комиссияни олади. Улар пулни бу ерга ўтказади-да, биржада конвертация қилиб, бу пулни бошқа учинчи давлатларга жўнатади», — деди Мамаризо Нурмуратов. У жорий қилинган чоралардан мақсад жиноятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш эканини алоҳида таъкидлади.

Бундан ташқари, тўлов ташкилоти пул жўнатувчи ва олувчининг ким эканига аниқлик киритмайди, деди у.

«Биз нима қилишимиз керак эди? Бу валюта қонунчилигини ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашишга доир қонунчиликни бузиш ҳисобланади», — деди Марказий банк раиси.

Мамаризо Нурмуратов Марказий банк бошқа мамлакатларнинг тартибга солувчи органлари, шунингдек, Ўзбекистонга шубҳали операциялар тўғрисида хабар берган молиявий мониторинг ташкилотлари билан ҳамкорлик қилаётганини таъкидлади.

5 сентябрдан бошлаб тўлов хизматлари Марказий банк талабига биноан халқаро пул ўтказмаларини тўхтатди. Мамлакат банклари бу қарорни қўллаб-қувватлади ва у «молиявий тизим ва финтех бозорини рисклардан, жумладан, санкциялар билан боғлиқ хатарлардан ҳимоя қилишга қаратилган», дея қайд этди.

Кейинроқ Марказий банк бунга изоҳ бериб, тўлов ташкилотлари ўтказмаларни ташқи савдо операцияси сифатида қайд этгани ва пул ўтказмаларини жўнатувчи ва олувчи томон тўғрисида зарур маълумотларни акс эттирмаганини маълум қилди. Регулятор фуқароларга халқаро операцияларни амалга ошириш учун банк хизматларидан фойдаланишни тавсия қилди.