Ўзбекистон Марказий банки раиси Мамаризо Нурмуратов шанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси томонидан бир кун аввал қабул қилинган банклар ва тадбиркорлик субъектлари учун валюта операцияларига чекловлар жорий этиш тўғрисидаги қарори бекор қилинганини маълум қилди.

«Бир кун аввал банк қўмитаси томонидан қабул қилинган қарор қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Энг муҳими, бу қарор юзасидан ижобий фикрларни кўрмадик», — деди Марказий банк раҳбари.

«Биз бу қарор бўйича ижобий қарашлар, фикрларни кўрмадик. Фалсафада шундай тушунча бор: жамият қабул қилмаган қарор, бу нотўғри қарор. У қайси мақсадга йўналтирилган бўлишидан қатъий назар, биз худди шу тамойилдан келиб чиқиб, кечаси билан ўтириб, банк қўмитасини тўпладик. Ушбу қарорни бекор қилиш бўйича қўмита қарор қабул қилди», — деди Нурмуратов.

Унинг қўшимча қилишича, «либерализациядан ортга қайтиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас».

«Буни унутинглар, бу тарих. Ҳеч қандай ортга қайтиш бўлмайди. Мақсад комплаенсни кучайтириш эди, конвертацияни чеклаш эмас», — дея тушунтирди Мамаризо Нурмуратов.