Ўзбекистоннинг қатор банкларида доллар курси 400 сўмдан кўпроқ қимматлади ва 12 минг сўмдан ошди. Марказий банк ҳолатга изоҳ берди.

Унга кўра, асосий савдо-ҳамкор давлатлар миллий валюталарининг сезиларли қадрсизланиши ташқи савдо ва пул ўтказмалари канали орқали сўмнинг реал самарали алмашув курсининг мустаҳкамланишига олиб келган.

Бу, ўз навбатида, экспорт ва пул ўтказмалари тушумлари каналлари орқали мамлакатга валюта тушумларига ва ички валюта бозоридаги таклиф ҳажмига салбий таъсир кўрсатган. Натижада, ички валюта бозорида сўм алмашув курси девальвацияси суръатининг бироз тезлашиши — фундаментал омиллар таъсирида тўғриланиши кузатилди.

«Марказий банк келгусида алмашув курсининг кескин қадрсизланишини олдини олиш бўйича етарли инструментларга эга бўлиб, зарур ҳолларда қўшимча интервенциялар амалга ошириш орқали тебранишлар юмшатиб борилади», — дейилади регулятор баёнотида.

Қайд этилишича, мазкур тўғриланиш реал самарали алмашув курснинг узоқ муддатли трендига қайтишига олиб келади ва мувозанатли курс валюта тушумларини ошириш орқали бозорда таклиф ўсишига хизмат қилади.

«Реал самарали алмашув курси йил охиригача ва ўрта муддатли истиқболда нисбатан барқарор бўлади», — дея қайд этган Марказий банк.