Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Учтепа тумани судида май ойида 12 ёшли мактаб ўқувчисини Matiz машинасида уриб ўлдирган ҳайдовчига ҳукм ўқилди.

Ҳайдовчи тезликни ошириб, 30 км/соат тезлик белгиланган ҳудудда 70 км/соат тезликда ҳаракатланиб, қизни уриб юборган. Судланувчининг айтишича, унинг ўғли ўзини ёмон ҳис қилган, у эса «Ватан» чорраҳасидан ўтиб кетаётиб, тезликни оширган.

«Хаёлим кўтарилиб, йўлдан ўтган одамни кўрмай қолдим. Қизни уриб юборганимдан кейин шифохонага олиб бордим. Унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди, орадан бир соат ўтиб, қиз вафот этгани ҳақида хабар беришди», — деди ҳайдовчи.

Маълум бўлишича, машина ҳайдовчига тегишли эмас, у дўстининг машинасини керакли ҳужжатларсиз бошқарган.

Суд ҳайдовчини Ўзбекистон Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топган. Унга нисбатан 3 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Аввалроқ Ўзбекистон ҳудудида 2023 йилнинг 7 ойида 4772 та ЙТҲ қайд этилгани, уларда 1115 киши вафот этгани, 4564 нафари тан жароҳатлари олгани ҳақида ёзгандик. Жорий йилнинг биринчи ярми ва ўтган йилнинг биринчи ярмидаги йўл-транспорт ҳодисалари ва улардан жабрланганлар сони солиштирилса, рақамлар мос равишда 12 ва 11,3 фоизга ўсган.

Ўзбекистондаги ЙТҲларнинг қарийб ярми пиёдаларни уриб юбориш билан боғлиқ. Шундай қоидабузарликка йўл қўйган ҳайдовчилар қандай жазоланаётганига ҳақидаги саволга жавоб топиш мақсадида «Газета.uz» август ойида удларнинг тасодифий 50 та қарорини ўрганган. Бунда пиёда ўлими учун бирор-бир ҳайдовчи қамалмагани ойдинлашган.