16 май куни Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги Лутфий кўчасида содир бўлган ЙТҲ оқибатида мактаб ўқувчиси вафот этди, дея хабар бермоқда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати.

Ўша куни соат 19:00 атрофида 31 ёшли ҳайдовчи ишонч қоғози асосида Matiz автомашинасида ҳаракатланиб, тартибга солинмаган пиёдалар йўлагидан ўтаётган пиёдани уриб юборган. Оқибатда 12 ёшли пиёда — мактаб ўқувчиси Э.Қ. олган жароҳатлари сабабли касалхонага олиб кетилаётган вақтда вафот этган.

Ҳолат юзасидан шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов давом этмоқда.