2023 йил ёзи сайёрада «катта фарқ билан» кузатувлар тарихидаги энг иссиқ ёз бўлди. Бу Европа Иттифоқининг иқлим ўзгариши бўйича Copernicus хизмати ҳисоботида келтирилган.

Copernicus маълумотларига кўра, бу даврда дунёдаги ўртача ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича 16,77 даражани ташкил этди, бу одатдагидан 0,66 даражага юқори.

2023 йил август ойи ҳам рекорд даражадаги энг иссиқ ой деб топилди. Ўртача глобал ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича 16,82 даражани ташкил этди ва 2016 йилда қайд этилган аввалги рекорддан 0,31 даражага ошди.

Метеорологларнинг таъкидлашича, июль ва август ойлари саноатдан олдинги даражадан (1850−1900) 1,5 даража иссиқроқ бўлган. Иқлим ўзгаришининг энг ҳалокатли оқибатларининг олдини олиш учун глобал ўртача исиш бу чегарадан ошмаслиги керак, дея таъкидланади.

«Глобал ҳарорат рекордлари 2023 йилда пасайишда давом этмоқда — энг иссиқ август ойи иссиқ ўтган июль ва июнь ойларидан кейин келди… илмий далиллар шуни кўрсатадики, биз иқлим рекордларини, шунингдек, иссиқхона газлари эмиссиясини тўхтатмагунимизча жамият ва экотизимларга таъсир қилувчи тез-тез учрайдиган экстремал об-ҳаво ҳодисаларини кузатишда давом этамиз», — дея таъкидлади Copernicus директори ўринбосари Саманта Бержесс.

Унинг сўзларига кўра, 2023 йил ҳозирда рекорд даражадаги иккинчи энг иссиқ йил ҳисобланади, у энг иссиқ ўтган 2016 йилдан атиги 0,01 даражага ортда қолмоқда ва йил тугашига ҳали тўрт ой бор.

Ёз ойларида денгиз сатҳи ҳарорати рекорд даражада юқори бўлиб қолди ва август ойида Антарктидадаги денгиз музлари ҳарорати ўртача кўрсаткичдан 12 фоизга паст бўлди. Бугунги кунда бу 1970-йилларда сунъий йўлдош кузатувлари бошланганидан бери ёз охиридаги энг катта оғиш бўлгани айтилади.

Ғарбий Европа, Туркия, АҚШ, Осиё, Чили, Бразилия ҳудудларида ёғингарчилик миқдори ҳам меъёрдан ошди. Шу билан бирга, Скандинавия мамлакатларида, Марказий Европада, Осиёнинг баъзи мамлакатларида, Канадада, АҚШнинг жанубида ва Жанубий Американинг катта қисмида ёз жуда қуруқ ўтди. Баъзи ҳудудларда бундай об-ҳаво табиий ёнғинларнинг сабабларидан бирига айланди.

«Сайёрамиз яқинда қайнаш мавсумини бошдан кечирди — рекорд даражадаги энг иссиқ ёз кузатилди. Иқлим инқирози бошланди», — дея изоҳ берди БМТ бош котиби Антонио Гутерриш рекорд даражада иссиқ ёз ҳақидаги хабарга.

Унинг эслатишича, олимлар узоқ вақтдан бери қазиб олинадиган ёқилғига қарамлик нимага олиб келиши ҳақида огоҳлантирган.

Гутерришнинг таъкидлашича, иқлим ўзгариши инсоният янги шароитларга мослашганидан кўра тезроқ содир бўлмоқда ва экстремал об-ҳаво ҳодисалари бутун сайёрада қайд этилмоқда.

«Ҳароратнинг кескин кўтарилиши ҳаракатларни фаоллаштиришни талаб қилади. Раҳбарлар энди иқлим бўйича қарорлар билан курашни кучайтириши керак. Биз ҳали ҳам иқлим хаосларидан қочишимиз мумкин ва бунда бир дақиқани ҳам йўқотолмаймиз», — дея таъкидлади БМТ раҳбари.

Метеорологларнинг тахминига кўра, 98% эҳтимол билан кейинги беш йилдан бири ёки бутун беш йиллик давр тарихдаги энг иссиқ вақт бўлади. Мутахассислар рекорд даражадаги иссиқликни антропоген иқлим ўзгариши ва Эль-Ниньо бошланиши билан боғламоқда. Бу Тинч океанида ҳароратнинг ғайритабиий кўтарилиши билан тавсифланган табиий ҳодиса саналади.