Самарқанд вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасининг собиқ бошлиғи Давронбек Жуманиёзов Ўзбекистонда камида 65 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлган Ҳиндистоннинг Marion Biotech компаниясига тегишли дорилар, жумладан «Док-1 Макс» сиропи иши доирасида ҳибсга олинган.

Daryo нашри ёзишича, бу ҳақда «Док-1 Макс» иши бўйича Тошкент шаҳрида кўрилаётган суд ишида судья Мусо Юсупов судланувчилардан бирининг сўровига жавобан маълум қилди. Аввалроқ, ушбу айбланувчи сироп ҳақида жамоатчиликни хабардор қилган самарқандлик шифокорлар ва вилоят ССБ бошлиғини судга чақириб, уларнинг кўрсатмасини олиш бўйича илтимоснома киритганди.

«Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғига нисбатан бу бўйича қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Қўшимча жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дея таъкидлади судья.

Эслатиб ўтамиз, «Док-1 Макс» сиропини истеъмол қилган болаларнинг оммавий ўлими ҳақида 15 декабрь куни Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази директори Маматқул Азизов хабар қилганди. У вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Давронбек Жуманиёзовга йўллаган хатида «Док-1 Макс» сиропидан ўлимлар кузатилаётгани ҳақида огоҳлантириб, дори сотилишини тўхтатиш бўйича чора кўришни сўраган. Бироқ, ушбу сироп савдоси орадан икки ҳафта ўтиб — 22 декабрдагина тўхтатиш бошланди.

ССВ эса орадан яна бир ҳафта ўтгандан кейингина мазкур дорини харид қилмаслик ҳақида огоҳлантириш СМС-хабарларини аҳолига жўнатишга ўтди, яъни аҳолини хабардор қилиш бўйича кампания жуда кеч бошланди.

Болаларнинг ўлими ҳақида биринчилардан бўлиб хабар берган бош шифокор ишдан бўшатилди, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи эса яқин кунларгача ўз лавозимида фаолият юритиб келаётганди.