Президент ҳузуридаги Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги Ўзбекистон капитал бозорини тартибга солувчи органга айланади. Бу давлат раҳбарининг 2 сентябрдаги қарорида кўзда тутилган, дея хабар берди Адлия вазирлиги «Газета.uz»га.

ИЛМА Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг капитал бозорини тартибга солиш, шу жумладан қимматли қоғозлар савдоси ташкилотчилари ва «Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси» фаолиятини тартибга солиш, корпоратив бошқарувни ривожлантириш, шунингдек, чцғцрта ташкилотлари фаолиятини назорат қилиш бўйича вазифалари, функция ва ваколатларини зиммасига олади. Агентлик ушбу соҳаларда тартибга солиш, лицензиялаш, рухсат берувчи тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли орган томонидан белгиланади.

Шунингдек, «Фонд бозорининг ахборот-ресурс маркази» ДУК ва Корпоратив ахборот ягона портали ҳам агентликка беғараз асосда берилмоқда.

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги Иқтисодиёт ва Молия вазирлигининг капитал бозори соҳасидаги шартномалари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади. Капитал бозори соҳасида аввал берилган лицензиялар ва бошқа рухсатномалар ўз кучини сақлаб қолади, ушбу қарорнинг қабул қилиниши уларнинг бекор қилиниши ёки ўзгартирилишига олиб келмайди.

2023 йил 1 октябрдан Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги томонидан кўриб чиқилаётган капитал бозори соҳасидаги ҳужжатлари (тегишли фаолиятни лицензиялаш, қимматли қоғозлар чиқарилишини рўйхатга олиш, мурожаатлар ва бошқа ҳужжатлар) агентликка ўтказилади. Агентлик уларнинг кўриб чиқилиш натижаларини расмийлаштиради.

Фонд биржаси фаолиятини ҳамда қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчиси фаолияти, қимматли қоғозлар бозорида касбий фаолиятни лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш, шунингдек, капитал бозори соҳасида «Тартибга солиш қумдони» алоҳида ҳуқуқий режимини тақдим этиш тартиблари ИЛМА томонидан (ҳозирда — Марказий банк) ўрнатилади.

Эслатиб ўтамиз, 2019−2021 йилларда мустақил Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги бозорни тартибга солувчи орган бўлган, кейинроқ у тугатилиб, вазифалари Молия вазирлигига (ҳозирги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги) берилган эди.

2022 йил апрель ойида Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (ЛБМА) негизида Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ташкил этилди. Унинг асосий вазифаси криптоактивлар муомаласи соҳасидаги сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга оширишдан иборат эди.

«Газета.uz» худди шу қарорга мувофиқ, «Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси» ДУК «Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси» АЖга ўзгартирилиши ҳамда унинг устав капиталидаги давлат акциялари пакети Марказий банкка ўтказилиши ҳақида ёзган эди.