2023 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режими жорий этилади. У соҳалар бўйича юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектларининг замонавий технологияларга асосланган янги маҳсулот ва хизматларни ёки бошқа интеллектуал фаолият натижаларини назорат қилинадиган чекланган муҳитда синовдан ўтказиш бўйича фаолиятини махсус тартибга солишни назарда тутади.

Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг 9 ноябрдаги тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш тўғрисидаги фармонида кўзда тутилган. Аввалроқ ушбу фармон билан тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш чегаралари ўрнатилгани ҳақида ёзган эдик.

2023 йил 1 январдан махсус ҳуқуқий режим доирасида тадбиркорлик субъектларига қуйидагиларга рухсат этилади:

  • янги маҳсулот ва хизматларни ишлаб чиқиш, апробация қилиш ва жорий қилиш йўналишларидаги фаолиятини чекланган вақт, ҳудуд ва шахслар доирасида махсус тартибга солиш орқали айрим қонунчилик ҳужжатлари нормаларига амал қилмаслик;
  • лицензиясиз ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтмасдан фаолиятни амалга ошириш, бундан давлат сири ва қонунчиликка мувофиқ фойдаланиш чекланган маълумотларни ўз ичига олган лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар мустасно.

Махсус ҳуқуқий режим тегишли ваколатли орган ва ташаббускор ўртасида ҳар бир лойиҳа бўйича алоҳида тузиладиган келишувга асосан жорий этилади. Бунда:

  • келишувда лойиҳани амалга оширишнинг талаб ва шартлари, шу жумладан, муддати, ҳудуди ва шахслар доираси, ташаббускорга татбиқ этилмайдиган қонунчилик нормалари рўйхати ҳамда лойиҳа натижаларини баҳолаш мезонлари (индикаторлари) белгиланади;
  • ҳар бир лойиҳа бўйича Махсус ҳуқуқий режимнинг амал қилиш муддати кўпи билан уч йилни ташкил этади.

Махсус ҳуқуқий режим якунлари бўйича тегишли ваколатли орган томонидан бир ой муддатда:

  • синовдан ўтказилган маҳсулот ва хизматларни жорий этишнинг мақсадга мувофиқлиги юзасидан таҳлил ўтказилади;
  • маҳсулот ва хизматларни жорий этиш мақсадга мувофиқ деб топилганда, қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.

2025 йил 1 январга қадар Махсус ҳуқуқий режим жорий этилган лойиҳалар таҳлили натижалари бўйича «Махсус ҳуқуқий режим тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши лозим.