Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги фаолияти тугатилади. Бу 3 апрель куни президент томонидан имзоланган «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг тузилмасини мақбуллаштиришни ва штат бирликлари сонини қисқартириш тўғрисида"ги қарорда назарда тутилган.

Агентликнинг барча ваколатлари, функция, вазифалари ва мол-мулки Молия вазирлигига ўтказилади.

Қарорда Молия вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирлик ва идораларга бир ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи президент ҳужжати лойиҳасини киритиш топширилди:

  • Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда мол-мулкини Молия вазирлигига ўтказиш;
  • Агентликнинг халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳаларини, улар билан келишилган ҳолда, кейинчалик амалга ошириш механизмини белгилаш;
  • Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг ваколатлари Молия вазирлигига ўтказилиши ҳисобига унинг фаолиятини кенгайтириш.

Эслатиб ўтамиз, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги 2019 йил январь ойида ташкил этилган эди.

Олдинроқ агентлик директори Отабек Назиров Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси раҳбари, инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг маслаҳатчиси этиб тайинланган эди.