Сенатнинг 29-ялпи мажлисида сенаторлар «Давлат ташқи қарзи тўғрисида»ги қонунни кўриб чиқишди. Ҳужжатда давлат қарзининг энг юқори миқдорини ЯИМнинг 60 фоизидан ошмаслиги белгилаб берилган.

Сенаторлар саволига жавоб бераркан молия вазири ўринбосари Одилжон Исаков бу кўрсаткич олдинга қўйилган мақсад эмаслигини маълум қилди.

«Бу лимит юқори чегара, мақсад эмас. Ҳозирги кунда давлат қарзининг ЯИМга нисбати 37 фоизни ташкил қиляпти. Йил охирига бориб, бу 40 фоиз атрофида бўлиши кутиляпти. Яъни, биз яна 20 фоиз буфер олганмиз», — деди у.

Фото: Сенат матбуот хизмати.

Молия вазирлиги вакили шунингдек, бунга нима сабаб бўлгани ҳам тушунтирди.

«Сабаби 2020 йилда коронавирус пандемияси туфайли ташқи қарз маблағларини режага нисбатан кўпроқ жалб қилдик. Шу билан биргаликда, ЯИМ ўсиш суратлари ҳам кутилгандан камроқ бўлди. Бу бутун дунёда тескари ўсишда бўлганда ҳам Ўзбекистонда 1,7 фоиз ўсишга эришилди. Шундай бўлса ҳам ўшанда қарзнинг ЯИМга нисбати қарийб 10 фоизга ошиб кетди. Биз ўшанда камида 10 фоиз буфер керак экан деб хулоса қилдик», — деди Одилжон Исаков.

Унинг сўзларига кўра, қонунда қарзнинг ЯИМга нисбати 50 фоизга етганида Вазирлар Маҳкамаси парламентга мана шу қарзни камайтириш юзасидан ўзининг таклифини киритиши ҳам белгиланган. «Биз учун аслида „потолок“ 60 эмас, балки 50 фоиз», деди у.

1 июль ҳолатига Ўзбекистоннинг умумий давлат қарзи 25,9 млрд долларга етди, деди молия вазири ўринбосари.

«Шундан 23,2 млрд доллари давлат ташқи қарзи ҳисобланади. Бу асосан бюджетни қўллаб-қувватлаш, инфратузилма, саноат ва қишлоқ хўжалиги лойиҳаларига йўналтирилган», — деди у.

Ташқи қарз йўналтирилган соҳалар:

  • Бюджетни қўллаб-қувватлашга — 6 млрд доллар;
  • Ёқилғи-энергетика соҳасига — 5,6 млрд доллар;
  • Транспорт ва транспорт инфратузилмасига — 2,5 млрд доллар;
  • Қишлоқ ва сув хўжалигига — 2,4 млрд доллар;
  • Уй-жой коммунал хўжалигига — 2,2 млрд доллар;
  • Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга — 1,5 млрд доллар;
  • Кимё саноатига — 1,1 млрд доллар;
  • Таълим ва соғлиқни сақлашга — 700 млн доллар;
  • Бошқа стратегик ва ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларга — 1 млрд доллар.

Молия вазири ўринбосари сенаторларнинг саволларига жавоб берар экан, ташқи қарз ниманинг ҳисобига тўланишига ҳам тўхталиб ўтди.

Одилжон Исаков. Фото: Сенат матбуот хизмати.

«Бюджетни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий соҳа, мудофаа мақсадида олинган қарз маблағлари давлат бюджетидан сўндирилади. Бу ҳам фоизига, ҳам қарзнинг асосий қисмига тааллуқли. Лекин, иқтисодиётимизни, транспорт, ёқилғи-энергетика, қишлоқ хўжалиги, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун олинган қарзлар қайта кредитланган ёки давлат кафолати тақдим қилинган. Иккала ҳолатда ҳам лойиҳадан манфаатдор бўлган давлат корхонаси ёки банклар тарафидан мазкур қарз тўғридан тўғри хориждаги банкка ёки Молия вазирлиги орқали тўланади», — деди Одилжон Исаков.

Унинг сўзларига кўра, бунда қарзлар давлат бюджетига юк бўлиб тушмайди.

Муҳокамалар якунида сенаторлар «Давлат қарзи тўғрисида» қонунни маъқуллади. Ҳужжат билан Молия вазирлиги давлат қарзини бошқариш бўйича ваколатли орган этиб белгиланмоқда.