Молия вазирлиги Лондон фонд биржасида умумий қиймати 870 млн доллар бўлган иккита суверен халқаро облигацияларни (евробондларни) жойлаштиришга тайёрланмоқда (дастлаб 700 млн доллар чиқарилиши режалаштирилган эди). Бу ҳақда молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов жума куни «Газета.uz» га маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, долларли транш 10 йил муддатга, сўмда кўрсатилган евробондлар эса 3 ёки 5 йил муддатга чиқарилади.

«Ҳозир аниқ билмаймиз, чунки ўтган йилдан бери биз 2 трлн сўмлик траншни чиқарган эдик. Агар талаб яхши бўлса, биз транш ҳажмини сўмда оширамиз ва долларда камайтирамиз. Аммо траншларнинг умумий миқдори 870 млн долларни ташкил этади», — деди молия вазири ўринбосари.

Одилбек Исоқов 2021 йилда давлат бюджети тўғрисидаги қонунга биноан ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган соф ҳажми 5 млрд доллар, ички қарзни жалб қилиш учун эса 500 млн долларгача бўлган миқдорда белгиланганлигини эслатди. Унинг таъкидлашича, евробондлар ушбу лимит доирасида чиқарилади.

«3,3 млрд доллар [$5 млрддан] инвестиция лойиҳалари учун, 1,7 млрд доллар эса бюджет камомадини [қоплаш] учун жалб қилинмоқда. 1,7 млрддан биз 870 млн долларни евробонд сифатида жалб қиламиз, қолган 830 млн долларни эса бюджетни қўллаб-қувватлаш учун халқаро молия институтларидан жалб қиламиз», — деди у.

Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, миллий валютадаги халқаро облигациялар чиқарилишидан тушадиган маблағлар Ўзбекистон учун Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) дастури доирасида БРМни молиялаштиришга сарфланади. Гап мактаблар, касалхоналар қуриш, сув таъминоти, гендер тенглиги сиёсатини тарғиб қилиш ва бошқалар ҳақида кетмоқда.

«Яккама-якка» (one-on-one) форматида халқаро инвесторлар учун телеконфереция (Global Investor Call) 8−9-июль кунлари ўтказилади ва унда АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Дания ва Швейцария каби мамлакатлардан халқаро инвесторлар иштирок этиши кутилмоқда.

Июль ойининг бошида Moody’s агентлиги Ўзбекистоннинг кредит рейтингини «B1» даражасида сақлаб қолди, бироқ «барқарор» прогнозини «ижобий»га ўзгартирди. Молия вазирининг ўринбосари Одилбек Исоқов сешанба куни «Мунособат» дастури эфирида кредит рейтингининг яхшиланиши Ўзбекистонга паст фоизли ставкалар билан қарз олиш имкониятини яратишини маълум қилган эди.