25 август куни Қаршида ўтказилган пресс-тур давомида «Ўзбекнефтгаз» компанияси бошқаруви раиси Баҳодиржон Сидиқов Афғонистон Ўзбекистоннинг 67 вагон нефть маҳсулотини қайтаргани ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.

Унинг айтишича, қайтарилган дизель ёнилғиси (у GTL ёқилғиси деб аталади) Ўзбекистондаги ёқилғи қуйиш шохобчаларига ўтказилгани ҳақидаги хабарлар ёлғон.

««Заправка»ларда сифатсиз бензин сотяпти, дейишяпти. Бу нотўғри маълумот. Биз Афғонистондан қайтган маҳсулотни ҳеч қаерга олиб борганимиз йўқ. У контейнерда турибди, бошқа жойга олиб бориб сотилади. Балки ички бозорда сотишар», — деди Баҳодиржон Сидиқов.

«Ўзбекнефтгаз» раҳбарининг таъкидлашича, бу Uzbekistan GTL заводида ишлаб чиқариладиган дизель ёнилғиси.

«Бу — янги маҳсулот. Унинг стандарти Афғонистонда йўқ. Шунинг учун улар буни тушунмади», — деди у ва журналистларга сувга ўхшаш шаффоф суюқликни кўрсатди.

gtl дизель, баҳодиржон сидиқов, дизель ёқилғиси, ўзбекнефтгаз

Баҳодиржон Сидиқов ёқилғининг қайтарилишига «Ўзбекистоннинг Афғонистон бозорига кириб боришини истамаганлар» сабаб бўлганини айтди ва маҳсулот Европа бозорига экспорт қилинаётганини таъкидлади.

«Биз шу маҳсулотни етказиб бердик. У оддий дизель ёнилғисидан анча фарқ қилади, анча сифатли маҳсулот. Бу янгилик Афғонистон бозорига кириб бориши керак эди. Афсуски, биринчи партияни қайтариб юборишди. Лекин бу жараён, ҳар битта бозорга кириб бориш осон бўлмайди. Ишончим комилки, нафақат Афғонистон ҳукумати, балки ўша бозорга биз кириб боришимизни хоҳламаётган одамлар ҳам жуда кўп. Чунки Афғонистон бозори яхши бозор», — деди у.

Ушбу маҳсулотнинг яхши эканининг исботи сифатида ўтган ой Эстонияга 1000 тонна сотилганини, яна 10 минг тоннага буюртма олинганини маълум қилди.

«Бундан ташқари, ҳукуматлараро келишувлар бор. Мана президентимиз [бошқа мамлакатларга] бориб келяптилар, учрашувлар қилдилар. Биз маҳсулотларимизни „ўрта коридор“, яъни „Каспий коридор“ орқали Европага етказиш йўлларини қидираётган пайтимизда, Озарбайжон ва Грузиядан ўтганимизда грузинлар бу зўр маҳсулот эканлигини айтишди. 33 минг тонна сўраб, „мана шартнома, мана пул“ дейишди», — деди «Ўзбекнефтгаз» раҳбари.

Ўтган йили компания ёқилғидан Тожикистонга 12 минг тонна экспорт қилган бўлса, ҳозирда яна 5 минг тонна жўнатмоқда.

«Бу маҳсулот сифатига ҳеч кимда шубҳа бўлмаслиги керак. Маҳсулот сифати ёмон бўлганидан [Афғонистон томонидан] қайтарилмаган. Мен бунинг кафолатини бераман. У Евро-6 стандартларига жавоб беради. ОАВда айлантирилаётган хабарларга ишонмасликни сўрайман. Исботи сифатида Европа давлатларига экспорт қилмоқчилигимизни айтдим», — деди Сидиқов.

Август ойи бошида Афғонистон стандарт агентлиги (ANSA) Ўзбекистондан импорт қилинган 67 та вагон нефтни сифатсиз деб қайтарганини маълум қилганди. «Ўзбекнефтгаз» 24−26 июнь кунлари харидор талабномасига асосан Uzbekistan GTL томонидан жами 3,4 минг тонна маҳсулотни Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги «Кенгсой» станциясидан экспорт қилиш учун харидорга топширган. Компания ҳозирча Афғонистонда бу стандарт жорий қилинмагани ва харидор маҳсулотни қайси давлатга олиб бориб, қандай усулда сотишини ўзи белгилашини қайд этган.

Қашқадарё вилоятидаги завод президент иштирокида 2021 йил охирида ишга туширилганди. Унинг қиймати 3,42 млрд долларни ташкил этади. Ҳар йили қиймати 1 млрд доллардан ортиқ импорт ўрнини босувчи нефть маҳсулотлари ва углеводородлар ишлаб чиқариш режалаштирилганди, бироқ завод бу кўрсаткичларга эришмаган.

Орадан бир ярим йил ўтиб, 2023 йилнинг май ойида Ўзбекистон ҳукумати ва Air Products ўртасида Uzbekistan GTL заводи таркибида саноат газини қайта ишлаш заводини ривожлантириш бўйича 1 млрд долларлик сармоявий битим имзоланди. Шартномага кўра, инвестор GTL комплексининг бир қисми сифатида иккита ҳаво ажратиш мосламаси, иккита автотермик реформатор ва водород ишлаб чиқариш блокига эгалик қилиб, бошқаради ҳамда «Ўзбекнефтгаз» билан узоқ муддатли олиш ёки тўлаш шартномаси бўйича кислород, азот, водород ва синтетик газ етказиб беради. «Ўзбекнефтгаз» хомашё, табиий газ ва коммунал хизматларни қоплайди, шунингдек, барча маҳсулотларни сотади.