25 декабрь куни Қашқадарё вилоятида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш бўйича «Uzbekistan GTL» заводининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда президент Шавкат Мирзиёев қатнашди ва нутқ сўзлади. Бу ҳақда «Микрофон кўтарган аёл» Телеграм-канали хабар берди.

«Ўз бағрида ноёб бойликларни асраб келаётган Ғузор туманида суюлтирилган синтетик маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган „GTL“ заводи ишга туширилмоқда.
Албатта, бундай улкан мажмуанинг қурилиши кейинги йилларда мамлакатимизда саноат ривожини янги босқичга олиб чиқиш бўйича амалга ошираётган сиёсатимиз натижаси, десак, тўғри бўлади. Сизларга яхши маълумки, ана шундай саъй-ҳаракатларимиз туфайли якунланаётган 2021 йилнинг ўзида мамлакатимизда қатор йирик лойиҳалар амалга оширилди», — дея таъкидлади давлат раҳбари.

Республикамиз бўйича электр энергияси ҳисобини юритиш ва назорат қилиш тизими иш бошлагани ҳам ана шундай катта ишларимиз қаторига киради. Бугун ишга туширилаётган завод ўзининг ноёб технологик устунликлари ва юқори ишлаб чиқариш қуввати билан ана шу лойиҳалардан алоҳида ажралиб туради, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Бундай йирик мажмуа шу пайтгача жаҳонда фақат 4 та давлатда — Қатар (2 та), Нигерия, Жанубий Африка Республикаси ва Малайзияда барпо этилгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди, деди президент.

Унинг сўзларига кўра, ушбу мажмуа қурилишида бир вақтнинг ўзида 13 мингдан ортиқ муҳандис ва ишчи-қурувчилар қатнашган. Заводда Япония, Корея, Сингапур, АҚШ, Германия, Италия, Буюк Британия, Россия, Хитой каби 24 та давлатдаги 130 га яқин етакчи корхоналарда ишлаб чиқарилган 10 мингдан зиёд ускуналар ўрнатилган.

«Энди сифатли авиакеросинимиз бор. Биз Навоийда авиахаб ташкил этамиз. Бошқа давлатлар учун авиахизматлар кўрсатишимиз мумкин», — деди Шавкат Мирзиёев.

Мажмуада йилига 3,6 млрд метр куб табиий газ қайта ишланиб, қиймати 1 млрд доллардан зиёд бўлган 1,5 млн тонна тайёр суюқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Жумладан, 307 минг тонна авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёқилғиси, 437 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ тайёрланади.

Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, ушбу маҳсулотлар ҳисобига йилига 500 млн долларлик импорт ўрни қопланиб, 200 млн долларлик экспорт ва 2 трлн сўмлик солиқ тушумлари таъминланади.

«Алоҳида таъкидлаш керак, биз 300 млн долларлик газни қайта ишлаб, уни қиймати 3 баробар юқори ва дунё бозорида талаб катта бўлган тайёр маҳсулотларга айлантирамиз. Бунинг учун тўла асосимиз бор. Чунки бу ерда ишлаб чиқарилган авиакеросин бошқа заводлар маҳсулотига нисбатан жуда тоза ва сифатли бўлиб, энг замонавий самолётларга мўлжаллангани учун унга ҳамиша талаб юқори ҳисобланади. Биринчи келганимизда GTL заводи қурилган бу ерлар — дала эди. Ҳеч вақо йўқ эди. 80 фоиз ёш фарзанларимиз бундай мега лойиҳаларни амалга оширди. Мен уларга ишонаман, бу муҳандислар бизнинг олтин фондимиз бўлади», — дея айтиб ўтди давлат раҳбари.

Энергетика вазирлигининг «Газета.uz»га маълум қилишича, синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш бўйича GTL лойиҳасининг умумий қиймати 3,42 млрд долларни ташкил этади. GTL лойиҳасини молиялаштиришда Хитой давлат тараққиёт банки (CDB), Корея экспорт-импорт банки (KEXIM), Корея савдо ва суғурта корпорацияси (K-SURE), «Газпромбанк» АЖ, «Росэксимбанк» АЖ, Россия экспорт кредитларини суғурталаш агентлиги ЭКСАР, Credit Suisse, MUFG, Mizuho, Woori Bank, SMBC каби халқаро ташкилотлар иштирок этган.

Лойиҳанинг бош пудратчиси Hyundai Engineering co. ltd, Hyundai Engineering and Construction co., ltd (Жанубий Корея) ва Enter Engineering pte. ltd (Сингапур) консорциуми ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Қашқадарёдаги GTL технологияси асосида сунъий ёқилғи ишлаб чиқариш заводини августда ишга тушириш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилганди.