Буюк Британияда коронавирус пандемияси бошида қариндошларини йўқотган 30 та оила Британия ҳукумати, шунингдек, бир қатор қариялар уйи ва шифохоналарни судга берди, дея хабар бермоқда The Guardian.

Даъвогарларнинг таъкидлашича, ҳукумат уларнинг яқинлари ўлимининг олдини олиш ва уларга етказилган маънавий зарарни қоплаш учун етарли чора кўрмаган. Қайд этишларича, расмийлар қариндошларининг яшаш ҳуқуқи, шахсий ва оилавий ҳаётга ҳурмат ва камситишдан ҳимояланиш ҳуқуқини ҳимоя қила олмаган.

Даъволар 2020 йилдаги ўлим ҳолатлари билан боғлиқ бўлиб, ўшанда ҳукумат қарори билан COVID-19 билан касалланган беморлар касалхоналардан ҳеч қандай тестларсиз ва изоляция талабларига риоя қилинмаган ҳолда қариялар уйларига ўтказилган.

Ўтган йили Лондон Олий суди бундай сиёсатни ноқонуний деб топди, чунки унда кексалар ва қариялар уйларининг заиф аҳолисига вируснинг асемптоматик юқиши хавфи ҳисобга олинмаган, дея аниқлик киритди BBC.

Буюк Британия Миллий статистика бюроси маълумотларига кўра, 2020 йил март бошидан июнь бошигача Англия ва Уэлсдаги қариялар уйларининг 20 мингга яқин аҳолиси COVID-19 асоратларидан вафот этган.

Даъвогарлардан бирининг The Guardian нашрига унинг ақли заиф бўлган отаси у яшаган қариялар уйида вирус юқтирганидан кейин COVID-19 дан вафот этганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, у отасини кўришга келганида, ходимлар шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланмаётганини ва шифокорларнинг ковид учун тестлари тугаб қолганига гувоҳ бўлган.

Пандемия бошланганидан буён Британияда жами 229 мингдан ортиқ коронавирус туфайли ўлим ҳолатлари қайд этилган.

Коронавирус қурбонларининг қариндошлари ҳокимиятга бепарволик сабабли судга мурожаат қилишлари биринчи марта эмас. Аввалроқ Италия ва Испанияда ҳам жабрланганларнинг оилалари судга мурожаат қилган.