Якшанба куни Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида об-ҳавонинг кескин ўзгариши кутилмоқда, дея хабар берди Ўзгидромет хизмати агентлиги.

Жума куни кундузи республика ҳудуди бўйича кам булутли, қуруқ ва иссиқ об-ҳаво сақланиб туради. Ҳаво ҳарорати +36…+39 даражага етади. Шанба, 26 август куни эса республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларига Россиянинг жанубий ҳудудларидан нам ва салқин ҳаво массалари кириб келиши бошланади.

Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида ва куннинг иккинчи ярмида Бухоро, Навоий вилоятларида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Қолган ҳудудларида 26 августда қуруқ об-ҳаво сақланиб туради, ҳарорат +33…+36 даража бўлади.

27−28 август кунлари нам ва салқин ҳаво массалари кириб келиши Ўзбекистоннинг барча ҳудудларини қамраб олади. Барча жойларда булутлилик кучайиши кутилмоқда, республиканинг кўп вилоятларида баъзи жойларда вақти-вақти билан момақалдироқ бўлиб, ёмғир ёғади.

Кундузги ҳаво ҳарорати +23…+28 даражгача пасаяди. Кечаси ва эрталаб ҳаво бироз салқинлашади. 28 августга келиб кечаси ҳарорат +13…+16 даражагача пасаяди. Ушбу кунларда шамол тезлиги 17−22 м/с гача кучайиши кутилмоқда, баъзи жойларда 23−25 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши мумкин.

Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида об-ҳавони ўзгариши сезиларли бўлади, бу ҳудудларда 27−28 август кунлари баъзи жойларда кучли ёмғирлар ёғиб ўтади. Кутилаётган кучли ёмғирлар ёғиши ҳисобига республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида 27−29 август кунлари сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.

Тошкент шаҳрида 25−26 август кунлари ҳаво асосан бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 5−10 м/с тезликда эсади. Ҳарорат 25 августда +36…+38 даража, 26 августда кечаси +22…+24 даража, кундуз куни +34…36 даража бўлади.

27 августда ва кечаси 28 августда вақти-вақти билан ёмғир ёғади момақалдироқ бўлиши мумкин. Эрталаб 28 августда бироз ёмғир ёғиши мумкин, кундизи ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 5−10 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечалари +14…+16 даражагача, кундуз кунлари +24…+26 даражагача пасаяди.