Тошкент шаҳри халқ депутатлари кенгаши 18 август куни 2023 йилда маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан 360,7 млрд сўм маблағни тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Маблағ қуйидагича тақсимланади:

  • 3,9 млрд сўм — Бектемир ва Яшнобод туманларининг электр узатиш тармоқларидаги қурилиш-монтаж ишларига;
  • 30 млрд сўм — давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларининг ноқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) оқибатида зарар кўрган тадбиркорлар ва фуқароларга етказилган зарарни қоплашга;
  • 70,3 млрд сўм — 1800 та кам таъминланган оила учун ипотека кредити бўйича дастлабки тўлов ва фоизларнинг бир қисмини қоплашга;
  • 20,1 млрд сўм — Нукус шаҳридаги кам таъминланган оилалар уйларининг том қисмини таъмирлаш (ёпиш) ва авария ҳолатидаги уй-жойларни қайта қуришга;
  • 0,5 млрд сўм — «Янги Ўзбекистон» боғига туташ ҳудуддаги меҳмонхона мажмуасини сув таъминоти ва канализация тармоқларига улаш, шунингдек, ички йўлларни қуриш ва ободонлаштиришга;
  • 34,8 млрд сўм — 2022 йилдан кейин пойтахтга қўшилган маҳаллалардаги ижтимоий инфратузилма объектлари ва бошқа объектларни таъмирлаш, қуриш ва ободонлаштириш ишларини якунлашга;
  • 35,7 млрд сўм — ўтган йиллардаги ижтимоий соҳадаги қурилиш-таъмирлаш ишлари бўйича кредиторлик қарзларини қоплашга;
  • 3,16 млрд сўм — прокуратура органлари фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик маркази биносини таъмирлашга;
  • 21,5 млрд сўм — 527-сонли (12,4 млрд) ва 194-сонли (9,09 млрд) давлат болалар боғчаларини реконструкция қилишга;
  • 6,16 млрд сўм — Юнусобод туманидаги «Оқтепа» маҳалласида янги канализация тармоғини ўтказишга;
  • 39,75 миллиард сўм — туман ҳокимликлари қошидаги «Аёллар дафтари» жамғармаларини шакллантиришга;
  • 39,75 миллиард сўм — туманлар ҳокимликлари қошидаги «Ёшлар дафтари» жамғармаларини шакллантиришга;
  • 15 миллиард сўм — «Саховат ва кўмак» жамғармаси маблағларини шакллантиришга;
  • 26,5 миллиард сўм — Болаларни соғломлаштириш ва аҳоли саломатлигини тиклашга кўмаклашиш жамғармаси маблағларини шакллантиришга;
  • 13,2 миллиард сўм — Янгиҳаёт туманини ташкил этиш ишларини молиялаштиришга;
  • 250 миллион сўм — фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида Пенсия жамғармасининг Юнусобод ҳудудий бошқармасида ходимлар фаолиятини махсус қурилмалар орқали баҳолаш ва электрон навбат тизимларини жорий этишга.

Эслатиб ўтамиз, кенгаш ўз мажлисларини жонли эфирда намойиш этишни тўхтатган.

Аввалроқ «Газета.uz» Тошкент шаҳар бюджетининг 2023 йилги даромадлари ва харажатлари ҳақида ёзганди.