20 август куни Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида турмуш қурганига ҳали бир ой ҳам бўлмаган 20 ёшли келинчак ўзини осиб ўлдиргани ҳақида хабар берилганди. Марҳуманинг яқинларига кўра, келинчак турмуш ўртоғи калтаклаётганини айтиб, оила аъзоларидан уни олиб кетишларини сўраган.

Келиннинг қариндошлари ўлим сабабига шубҳа билдирмоқда. Бош прокуратура ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилаётгани, ўлим сабабини аниқлаш мақсадида суд тиббий экспертизаси тайинланганини маълум қилган.

Адлия вазирлигининг Hudud24 нашрига кўра, марҳума Зулайҳо Тоштемирова Ўзбекистон туманида яшаган ва тиббиёт билим юртида таҳсил олган. У шу йилнинг 22 июнь куни ўзидан 10 ёш катта, (1993) Яйпан шаҳрида истиқомат қилувчи йигитга турмушга чиққан. Орадан бир ой ўтмай, 20 август куни ёш келин, ҳуқуқ-тартибот идораларига кўра, ўз жонига қасд қилган.

Марҳуманинг яқинлари унинг танасида калтакланиш излари топилганини маълум қилган.

Марҳуманинг отаси Ғофуржон Худойбердиев Hudud24`га берган интервьюсида қизининг ўз жонига қасд қилганига ишонмаслигини айтмоқда.

«Аввалги куни келди, жиянининг туғилган куни эди, чиройли келиб, ўтириб кетди, ўзим уйига ташлаб қўйдим. Ҳаммаёқ тинч эди, қизим бирон нарсадан нолимади, арз қилмади. Ахир кенжа фарзандим-ку, эркатой қизим-ку, ҳар доим нима бўлса айтарди, бирон гап бўлса, ўша куни менга айтмасмиди?» — дейди ота.

«Мен ўз жонига қасд қилганига ишонмайман. Иш охирига етмагунча, жиноятчилар жазосини олмагунча қўймайман. Ахир итниям бунчалик азобламайди. Бу нарса уюштирилган. Ўша уйда яшаган пайти қизимнинг телефонларигача олиб қўйишган… итга ўхшаб устидан қулфлаб кетаркан, бир ўзи уйда қоларкан… Мен бу нарсанинг тагига етаман! Улар кўпчилик: опалари, тоғалари бор. Аммо ҳаммаси қочиб кетди-ку, бир гап борки, менга рўпара келмаяпти… Сизлар нимадир қила олсаларингиз қилинглар, адолат рўёбга чиқсин. Бўлмаса, ўзим, албатта, ҳаммасининг тагига етаман!» — дейди Ғофуржон Худойбердиев.

Бу оилага қўшни бўлган Нозимжон Амиров марҳума Зулайҳо Тоштемировага 7−8 синфлигидан мактабга боришига рухсат берилмагани, аттестатини пулга олиб беришгани, кўчага чиқарилмагани ва ҳудуд урф-одатига кўра, қизлар маълум ёшга етгач, мактабга юборилмаслиги ҳақидаги миш-мишларни рад этган.

«Йўқ, умуман бу нотўғри гап. Раҳматли Зулайҳо менинг қизим билан синфдош эди. Биргаликда гул кўтариб сентябрда биринчи қўнғироққа боришган, то мактабни битиргунча бирга ўқишган. Зулайҳо кўз олдимизда катта бўлган, аълочи, одобли, тарбияли қиз эди. Тиббиёт билим юртини тамомлаб, ҳамшира бўлиш арафасида эди. Уйда ушлаб ўтирилган қиз бўлса, тиббиёт билим юртига киритишармиди?» — дейди Нозимжон Амиров.

Фожиани ижтимоий тармоқлар орқали жамоатчиликка маълум қилган Зулайҳо Тоштемированинг аммаси куёв томондагилар ишни бости-бости қилиб юборишидан хавотирда. «Чунки илдизи бақувват одамлар…», — дейди у.

«Бундан 5 ой аввал — 8 март куни укам Равшанбек Худойбердиев фожиали вафот этган. Уни ҳеч ким турмайдиган уйида жасади бўйнидан осилган ҳолда топдик. Укам раҳматли туман ҳокимлигига яқин инсон эди, таъминотчи фирманинг эгаси эди. Пул масаласида муаммолари бўлган, шунга ўзини осган дейишди. Биз бунга ишонмасак ҳам, ҳеч қаерга чиқмадик, дафн қилдик», — дейди аёл.

«Вафотидан сўнг ҳам ҳокимликдан ҳеч ким хабар олмади, эшигимиздан одамлар қарзларини сўраб келишяпти. Бечоранинг етимларига бола пули ҳам, ҳатто дафн пулини ҳам олмадик. Мана кеча жияним билан бўлган мусибатда ижтимоий тармоққа чиқаргандик, ҳокимлик укамнинг оиласидан ҳам хабар ола бошлади. Агар индамасак, бу иш ҳам ёпилиб кетади, айбдорлар жазосиз қолади, деган фикрда бу хабарни оммага олиб чиқдим», — дейди марҳуманинг аммаси.

Унинг қайд этишича, ҳозирги кунда куёв томон «буларнинг зотида шунақа одат бор, амакиси ҳам восвосга учраб, ўзини ўлдирган» дея Зулайҳо Тоштемированинг ўзини айбдор қилишга уринмоқда. «Буни яхшилаб текширишлари керак. Амакиси жонига қасд қилган деб жиянининг ўлимини шундай ёпиб юбормайдилар-ку», — дейди у.

«Улар совчи орқали танишишган. Лекин куёв ўзи шу қизга уйланаман деб туриб олди. Раҳматли жияним маҳалланинг олди қизларидан эди, кўзга яқин эди. Биз ҳали тўйга тайёр эмасмиз, дипломини олиши керак десак, ўзимиз дипломини олиб берамиз деб қўярда-қўймай тўйни бошлаб юборишди. Зулайҳо рози бўлди, шу йигитга тегаман деди», — дея қўшимча қилди аёл.

Амманинг таъкидлашича, марҳума вафотидан 3 кун олдин ота уйига келган, ранглари оқарган, ҳорғин эди.

«Жиянининг туғилган куни эди, биз ҳам ўша ерда эдик. Асли Зулайҳо бир гапириб ўн куладиган, қувноқ қиз эди. Ўша куни ранги бир аҳволлигини кўриб, „Сен яхшимисан, бахтлимисан, ҳаётингдан мамнунмисан?“ деб сўрадик. Ҳа дедию, кўзларини олиб қочди. Кейин ичкари хонага кириб кетди. Ўша куни дугоналари билан гаплашган, уларга „Эрга тегишга шошилманглар, эрга тегиш яхши эмас экан“ деган», — дейди у.

«Зулайҳо ўша куни онасига дардини айтиб, куёв қўпол муносабатда бўлаётганини, бир куни ҳўл сочини билмасдан куёвнинг бўйнига теккизгани учун қулоғи аралаш бўйнига қаттиқ урганини, каравотдан пастга тушиб кетганини айтган. Онаси „Ўзингдан ҳам ўтгандир, сочинг кутилмаганда қаттиқ теккандир, бехосдан уриб юборгандир. Турмуш шунақа, силлиқ бўлмайди. Сабр қил“ деган», — дейилади хабарда.

Марҳума эса куёвнинг оиласидагилар уни хўрлаётгани, камбағалсан, деб камситаётгани, қайнонаси ярим тун соат 00:30 гача қўйвормай, оёғига ёғ сурттириб ушлаб ўтиргани, турмуш ўртоғи уйга доим кеч келишини айтган. Аяси эса «ҳамма рўзғорда ўтади, чидагин» деб насиҳат қилган, қўлига «харажатларингга ишлатарсан» деб, 500 минг сўм берган ва уйига жўнатган.

Амманинг айтишича, ўша куни кечга яқин куёв билан ўртасида жанжал бўлган. Зулайҳо қочган, кўчада ҳушидан кетган. Маҳалладагилар «скорий» чақирган, касалхонага олиб бориб, муолажалар қилишган. Қайнонаси ўзи касалхонадан олиб кетган. Уйида эри яна урган.

«Эртасига опаси Зарнигорни чақиришган, „синглингизни тартибга чақиринг, гапимизга қулоқ солмаяпти, уйларни тозаламаяпти, чангларни артмаяпти“ деган. Зарнигор „Айби шу холосми, сизларга берганда айтганмиз, эркатой деганмиз, яхши гапирсанглар қилади“ деган. Эр-хотинни яраштириб, яхшилик билан кулиб-кулиб гапириб кетган. Куёв ҳам энди яхши яшаймиз деган. Ўша куни кечки пайт қайнсинглиси қўнғироқ қилган, „ҳали аям қаттиқ гапириб юборибди, Зулайҳо жуда яхши, уй ишларини қиляпти“ деган», — дея қўшимча қилди у.

Орадан бир куни ўтиб, яъни 20 август эрталаб яна қайнисинглиси Зарнигорга телефон қилиб: «Синглингиз яна аямнинг гапларига қулоқ солмай, қовоқ солиб олди. Кечқурун яхши гапириб кириб кетувди, эрталаб қовоғини солиб чиқди», деган.

«Зарнигор катталарни аралаштирмасак бўлмайди, шекилли, майли, мен катталарга айтиб, бирга борамиз деса, йўқ ўзингиз келинг деган. Орадан 20−25 дақиқа ўтмасдан Зарнигор уларга қайта алоқага чиқиб, укам билан кетяпман деган. Лекин орадан яна бироз вақт ўтиб, у томондан қўнғироқ бўлган ва „Синглингиз ўзини осиб ўлдирибди, тезроқ етиб келинг“ дейишган. Улар борганида уйда одам кўп бўлган, Зулайҳо ҳовлида ерда ётган бўлган…», — дейди марҳуманинг аммаси.

У Зулайҳо эрка, ҳаётга чанқоқ қиз бўлгани, ўзини шунчаки ўлдиришига ишонмаслигини билдирди.

«Билишимизча, куёв аввал бир қизни севган, лекин у бошқага тегиб кетган. Шунда ҳам булар телефонда гаплашиб юрганини у аёлнинг эри билиб қолгач, ажрашиб кетишган. Биз ўша аёлни унутолмаса-чи, жиянимни бебахт қилса-чи, деганимизда совчилар йўқ, у ўтмишда қолди, дейишганди. Бироқ чиллали куёвнинг уйга ярим тунда келиши, ёш келинчакни арзимас нарсага калтаклаши қайси қуюшқонга сиғади, буни нима билан изоҳлаш мумкин? Ахир буларда асал ойи, бир-бирига талпиниб яшаши керак бўлган, унча-бунча айби кўзга кўринмайдиган даври-ку. Жияним раҳматли „Иқбол акам мени истамаяпти, шекилли“ деган экан онасига. Ким билсин яна. Тергов аниқлаштирар ҳақиқатни», — дея қўшимча қилди марҳуманинг аммаси.