Фарғона вилоятида 20 ёшли келинчак вафот этди. Бу ҳақда унинг яқинларига таянган ҳолда фарғоналик журналист Маъруфа Солиева маълум қилди.

Журналистнинг таъкидлашича, Ўзбекистон туманидаги Пасткўрик қишлоғида туғилган 20 ёшли З.Т. 2023 йил 22 июль куни Яйпан шаҳрида яшовчи 30 ёшли И.И.га турмушга чиққан. Марҳума тиббиёт коллежи талабаси бўлган, куёв эса автошоҳбекатда чек сотувчи бўлиб ишлайди.

«Келинчак турмуш ўртоғидан калтак еётганини айтиб, оила аъзоларидан уни олиб кетишларини сўрайди. Ўлимидан кейин келиннинг опасига куёвнинг опаси телефон қилиб, З.Т.нинг ўлганини айтади. Куёвнинг ҳовлисига борган келиннинг акаси ва опаси ҳовлининг ўртасида синглисининг ўлик ҳолатда ётганига гувоҳ бўлишади. Куёвнинг оила аъзоларининг барчаси эса уй ичида бўлган. Аммо қўшниларнинг айтишича, З.Т. ўша куни ҳовлида ёлғиз қолган, оиласидагилар унинг устидан қулфлаб кетишган», — деб ёзади Маъруфа Солиева.

Келинчакнинг яқинларига кўра, куёв томон келиннинг ўз жонига қасд қилгани, яъни ўзини осиб қўйгани ҳақида хабар тарқатган. Аммо келинчакда калтакланиш аломатлари мавжуд.

«Куёв томоннинг илдизи қаттиқлиги боис кўп нарсани бости-бости қилиб юборишлари мумкинлигидан хавотирини айтишди», — дейилади тарқалган хабарда.

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, 20 август куни Ўзбекистон туманида яшовчи 20 ёшли аёл яшаш уйида ўз жонига қасд қилган. Ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.

«Ўлим сабабини аниқлаш мақсадида суд тиббий экспертиза тайинланган. Текшириш натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади», — дейилади прокуратура ахборотида.

Эслатиб ўтамиз, 15 июль куни Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида 21 ёшли аёл яшаш хонадонида ўзини осиб, вафот этгани айтилган эди. Унинг отаси «Газета.uz»га ўлим сабабларидан шубҳаланаётгани ва қизининг мурдасида тан жароҳатлари бўлганини маълум қилганди. «Фарзандимнинг ўзини заҳарлаши ва жароҳат етказишига умуман ишонмайман», — деганди у.