Олий Мажлис Сенати 24 август куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда «Ижарага тўғрисида»ги ва «Лизинг тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиришлар киритишни маъқуллади, дея хабар қилди Ўзбекистон парламенти юқори палатаси матбуот хизмати.

Биринчи қонунда кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага бериш шартномаси шартлари ва у билан боғлиқ муносабатлар тартибга солинмаган. Бундан ташқари, ижарачиларнинг ижарага олинган объектни ўзлаштирганидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлайдиган норма йўқ. Хусусан, тўловларни амалга оширгач, ижарачи объектни ўз мулки сифатида рўйхатдан ўтказмоқчи бўлганда бу мулк гаровга қўйилган ёки мусодара қилинган бўлиб чиқиши мумкин.

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси Эркин Гадоевнинг Олий суд маълумотларига таяниб хабар беришича, 2020 йилда автомобилларни ижарага ёки лизингга беришда фирибгарлик жинояти бўйича 10 нафар шахсга айблов ҳукми ўқилган бўлиб, 2021 йилда бу кўрсаткич икки баробардан кўпроққа ошган ва 22 нафарни ташкил этган.

Бу жиноятлар оқибатида фуқароларга етказилган зарар 2020 йилда 8,2 млрд сўмни ташкил этган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич қарийб 9 баробар ошиб, 69,3 млрд сўмга етди. Бу жиноятдан жабр кўрганлар сони 16 бараварга ошиб, 16 минг 805 кишини ташкил этди.

ижара, лизинг, сенат

Эркин Гадоев. Фото: Сенат.

Қонун билан ижарага берувчи ўзига тегишли мол-мулкни кейинчалик сотиб олиш шарти билан шартнома асосида ижарага берганда, ижарага олувчи шартнома шартларини бажарганидан кейин объектни унга мулк қилиб топшириш мажбуриятини олиши белгиланмоқда.

Бундай шартнома тузилган пайтдан эътиборан шартномада кўрсатилган мол-мулк гаровга қўйилган ҳисобланиб, уни бошқа шахсларга гаровга бериш ёки бошқача тарзда тасарруф этиш тақиқланади.

«Лизинг тўғрисида»ги қонунда лизинг берувчи лизинг олувчининг олдиндан розилигисиз лизинг объектидан гаров сифатида фойдаланишга ҳақли эмаслиги қайд этилган. Аммо лизинг берувчи лизинг олувчининг розилигисиз лизинг объектини тасарруф этишга ҳақли эмаслиги ҳақида қоида йўқ. Бунинг оқибатида лизинг объекти лизинг берувчининг бошқа мажбуриятларини бажариш учун мусодара қилингани ҳолатлари мавжуд.

Шу сабабли лизинг берувчи лизинг олувчининг розилигисиз объектни бошқа усулда тасарруф этишга ҳақли эмаслиги тўғрисидаги қоида киритилмоқда.

Шунингдек, лизинг шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, шартнома тузилган вақтдан эътиборан шартнома объекти лизинг берувчи томонидан мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш учун лизинг олувчида гаровга олинган ҳисобланиши тўғрисидаги қоида киритилмоқда.

Қолаверса, ундирувни лизинг объектига қаратишдан олдин унинг қийматини лизинг олувчи томонидан тўлиқ тўлаш орқали мулк қилиб олиши мумкинлиги кўрсатилмоқда.

Лизинг берувчининг ёки олувчининг учинчи шахслар олдидаги мажбуриятлари бўйича лизинг объектини мусодара қилиш (уни олиб қўйиш) улар томонидан тўланган ва олинган лизинг тўловлари доирасида амалга оширилади. Шу билан бирга, давлат ижрочиси объектни олиб қўйишдан олдин лизинг шартномаси бўйича тўланиши керак бўлган суммани биттада тўлаш йўли билан объектни сотиб олишни таклиф қилиши шарт. Бу ҳолда лизинг объектини мусодара қилиш жараёни тўхтатилади.

Сенат раиси Танзила Нарбаева амалда фуқаролар ижара ва лизинг масалаларида алданиб, катта миқдорда зарар кўриш ҳолатлари кўп учраётганини таъкидлади.

«Бугун ижара, лизинг масалаларида фуқаролар норози бўлаётган, алданиб қолиб, катта миқдорда зарар кўраётган ҳолатлар кам эмас. Ижара, лизинг муносабатларга киришаётганда ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқларини қонун билан аниқ ва мустаҳкам ҳимоя қилинишига тўлиқ ишонч ҳосил қилиши керак. Қонундаги янги нормаларнинг мақсади айнан шундан иборат», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, қонуннинг тўғри талқин қилиниши ва қўлланишини бевосита ижрочилар таъминламаса, кутилган натижа бўлмайди. Шу сабабдан барча мутасадди раҳбарлар, айниқса, ҳудудлардаги маҳаллий кенгашлар депутатлари аҳоли ва амалдорларнинг мазкур янгиликлардан хабардорлигини оширишга жиддий эътибор қаратишлари зарур, дея таъкидлади Сенат раҳбари.