4 сентябрь — янги ўқув йили бошланиши билан жамоат транспортига бўлган талабни қондириш учун метрода поездлар оралиқ ҳаракатланиш вақти қисқаради, автобуслар сони кўпаяди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Тиғиз вақтларда Чилонзор йўналишида 1,5 дақиқалик, Ўзбекистон йўналишида эса 3−3,5 дақиқалик интервалда поездлар ҳаракати йўлга қўйилади.

«Юнусобод» ва «Туркистон» бекатлари 4 ойга профилактик ишлар сабабли ёпилиши ҳақида эълон берилганида бу йўналишда ҳам интервал 5 дақиқагача қисқариши айтилганди.

Шунингдек, «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси ҳозирда ишга чиқарилаётган 1464 та автобус сони 1550 (+86) тагача оширилишини маълум қилди. Бажариладиган қатновлар сонини эса 21,7 мингтадан 22,8 мингтага кўпайтириш белгиланган. Сентябрь ойи давомида қўшимча яна 9 та янги автобус йўналишини ташкил қилиш кўзда тутилган.

Тошкент метрополитени раҳбарияти 2021 йилнинг декабрида метронинг барча йўналишларида «тиғиз пайтларда» поездларнинг оралиқ интерваллари қисқартирилишини айтганди.