Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналишидаги «Юнусобод» ва «Туркистон» бекатлари 26 августдан бошлаб 4 ой муддатга ёпилади. Бу ҳақда «Тошкент метрополитени» корхонаси ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, бу муддат давомида режали профилактик ишлар амалга оширилади.

Шунингдек, поездлар ҳаракати «Шаҳристон» ва «Минг ўрик» бекатлари оралиғида одатий тарзда ҳаракатланиши давом этади ва бу йўналишда поездлар ҳаракати оралиқ вақти (интервал) 5 дақиқагача қисқартирилади.

4 ой мобайнида «Туркистон-Юнусобод-Шаҳристон» метро бекатлари оралиғида бепул хизмат кўрсатувчи катта сиғимли автобуслар (метробус) ҳаракати йўлга қўйилади. Ушбу автобусларнинг кунлик иш вақти тонгги 06:00 дан тунги 00:00 га қадар амалга оширилади.

«Тошкент метрополитени» бундай амалиёт «жаҳон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда» амалга оширилаётганини таъкидлади. «Метро поездлари ҳаракати ва йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида ерости метро туннелари ва бекатлари маълум муддат эксплуатация қилинганидан сўнг режали профилактик ишларни амалга ошириш лозим», — дейилади хабарда.

Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналишидаги «Юнусобод» ва «Туркистон» бекатлари қарийб 3 йилдан буён йўловчиларга хизмат кўрсатиб келмоқда.

Юнусобод йўналишининг I босқичи 2001 йилда ишга туширилганидан сўнг режали профилактик ишларни амалга ошириш учун 2002 йилда 3 ой муддатга ёпилган, дея қўшимча қилди корхона матбуот хизмати.