«Толибон» ҳаракати 2021 йилдан бери собиқ афғон ҳукуматининг 200 дан ортиқ амалдори ва аъзоларини судсиз қатл қилди. Бу ҳақда БМТнинг Афғонистонга ёрдам миссияси (UNAMA) ҳисоботида (pdf) айтилади.

«UNAMA Афғонистон „Толибон“ томонидан эгаллаб олинганидан бери собиқ ҳукумат амалдорлари ва Афғонистон қуролли кучлари аъзоларининг камида 218 та судсиз қатл этилиш ҳолатини қайд этди», — дейилади ҳужжатда.

БМТ миссиясига кўра, асосан полиция, қуролли кучлар ва Афғонистон миллий хавфсизлик бошқармасининг собиқ ходимлари таъқибга учраган. Аксарият ҳолларда қурбонлар қисқа муддатга ҳибсга олиниб, кейин ўлдирилган.

Умуман олганда, БМТ миссияси 2021 йил 15 августдан 2023 йил 30 июнгача Афғонистоннинг собиқ ҳукумати билан алоқадор шахсларга нисбатан суддан ташқари қатл қилиш, ўзбошимчалик билан қамоққа олиш ва ушлаб туриш, қийноқлар ва шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳамда зўравонлик ҳолатлари бўйича камида 800 та ҳолатни ҳужжатлаштирган. Улар мамлакатнинг барча 34 вилоятида қайд этилган.

UNAMAнинг таъкидлашича, бундай таъқиблар «Толибон» томонидан собиқ ҳукумат амалдорлари ва ҳарбий хизматчилар учун эълон қилинган «умумий амнистия»га қарамай содир бўлган.

«UNAMA ҳисоботида Афғонистон „Толибон“ томонидан эгаллаб олинганидан кейин собиқ ҳукумат ва хавфсизлик кучлари билан алоқадор шахсларга нисбатан қандай муносабатда бўлгани ҳақида манзара кўрсатиб берилган. Қолаверса, таъқиб учун нишонга олинмаслигига ишонч билдирилганини инобатга олсак, бу халқ ишончига хиёнатдир», — деди БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк.

Эълон қилинган ҳисоботга амалдаги афғон ҳукумати вакилларининг расмий баёноти илова қилинган бўлиб, унда «умумий амнистия тўғрисидаги фармонга риоя қилмаслик ҳолатлари қайд этилмагани» айтилади.

2021 йил августида «Толибон» Афғонистонда назоратни қўлга киритганида, ҳаракат матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид «Толибон» «ҳеч кимдан ўч олишни ўйламаслигини» ва собиқ амалдорлар ва ҳарбий хизматчиларнинг «афв этилиши ва хотиржам бўлиши мумкинлигини» ваъда қилган эди. Шундан сўнг «Толибон» ҳаракат раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охунзода фармони асосида «умумий амнистия» эълон қилинган.

Шунга қарамай, 2021 йил ноябрь ойида Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти Афғонистонда ҳокимиятга келганидан бери «Толибон» 100 дан ортиқ собиқ полиция ва разведка ходимларини қатл этгани ёки ўғирлагани ҳақида ҳисобот эълон қилган.

2022 йил апрель ойида The New York Times «Толибон» томонидан халқаро кучлар билан ҳамкорликда ишлаган 490 нафар собиқ амалдор, ҳарбий ва афғонларнинг ўлдирилиши ва ўғирлаб кетилиши бўйича терговни эълон қилганди.