Ўзбекистонда халқ депутатлари кенгашлари халқ овозига айланиши керак. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 11 август куни Бухорода бўлиб ўтган йиғилишда айтиб ўтди.

Ҳар бир ҳоким давлат раҳбарининг Тошкент, Фарғона ва Бухоро вилоятларига ташрифи давомида ўнлаб раҳбарлар ишдан бўшатилганидан хулоса чиқариши керак, деди у.

«Агар хулоса қилмасанглар, буни замон кўтармайди. Фақат ва фақат кенгаш, кенгаш, кенгаш. Қонунлар нуқтаи назаридан, талаб нуқтаи назаридан, „Янги Ўзбекистон“ шиори нуқтаи назаридан жойларда ким ишламаётган бўлса, кетиши керак, менга таклиф беринглар. Кенгаш овози баралла халқ овози бўлиши керак, халқнинг дарди билан яшаши керак. Кенгаш қарор қилдими, қонун бўлиши керак. Нимага десангиз, жамиятимизда сифат нуқтаи назаридан одамларнинг талаби ўсиб бормоқда», — деди президент («Ўзбекистон 24» телеканали лавҳасидан иқтибос).

Давлат раҳбари ижро органлари раҳбарлари вилоят, туман, шаҳар кенгашлари билан биргаликда халқ манфаатини кўзлаб ҳамкорлик қилиши кераклигини таъкидлади.

Ўзбекистоннинг аввалги Конституциясига кўра, ҳокимлар бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари кенгашлари раиси лавозимларини эгаллаб келган. Янги таҳрирдаги «Конституция тўғрисида»ги қонунга кўра, 2024 йилдан Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимларига кенгаш раиси лавозимини эгаллаши тақиқланиши кўзда тутилган. Шу билан бирга, Конституция лойиҳасида уларнинг депутат ва сенатор этиб сайланиши тақиқланмаган. Анчадан бери муҳокама қилинаётган ҳокимларни сайлаш амалиёти эса лойиҳада акс этмаган.

Аввалроқ «Газета.uz» колуминисти Комил Жалилов ўз рукнида Конституцияда ҳокимият тармоқларининг ҳаққоний бўлиниши ва репрезентатив демократиянинг мустаҳкамланиши бўйича ўзгартиришлар етишмаётгани ҳақида ёзганди.

Хусусан, сенаторларни тўғридан-тўғри сайлаш механизмини жорий этиш (қайси ҳудуддан вакил сифатида Сенат ишида қатнашадиган бўлса, шу ҳудуд аҳолиси томонидан сайланиши) ва сенаторларни давлат раҳбари фармони асосида тайинлаш амалиётидан воз кечишни таклиф қилган. Ҳозирда президент 65 сенатордан 9 нафарини тайинлаши мумкин.

Шунингдек, рукнда ҳокимларни маҳаллий аҳоли томонидан умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан икки муддатдан кўп бўлмаган муддатга сайлашни жорий этиш таклифи ҳам илгари сурилган. Муддат тўғрисидаги норма янги Конституцияга киритилган, аммо сайловлар тўғрисидаги норма йўқ.