Амалдаги Конституцияга кўра, Ўзбекистонда ҳокимлар бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари кенгашлари раиси лавозимини эгаллайди. 30 апрель куни референдумга қўйиладиган янги Конституция лойиҳасига кўра, бу ваколатларни бир-биридан ажратиш кўзда тутилмоқда.

Тошкент шаҳри ва вилоятларда бу жараён 2024 йилдан (маҳаллий кенгашларга сайлов натижаларига кўра), туман ва шаҳарларда эса 2026 йил 1 январдан бошланиши мумкин.

Кенгашга, қонун ҳужжатларига мувофиқ, унинг ўринбосарлари орасидан сайланадиган раис бошчилик қилади. Вилоят, туман, шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида кенгаш раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмас.

Айни бир шахс кетма-кет икки муддатдан ортиқ кенгаш раиси лавозимида ишлай олмайди. Худди шундай талаб ҳокимлар учун ҳам татбиқ этилган.

Шу билан бир пайтда, ҳужжатда ҳокимларнинг кенгаш депутати, кейин эса сенатор этиб сайланишига тақиқ қўйилмаган. Ҳозирда деярли барча вилоятлар ҳокимлари сенатор ҳисобланади.

«Газета.uz» колумнисти Комил Жалилов аввалроқ ҳокимият тармоқларининг ҳаққоний бўлиниши ва репрезентатив демократиянинг мустаҳкамланиши бўйича ўзгартиришлар етишмагани бўйича ўз фикрлари билан бўлишганди.

Хусусан, сенаторларнинг тўғридан-тўғри сайловини (улар Сенатда вакиллик қилиши лозим бўлган вилоятлар аҳолиси томонидан сайланади) жорий этиш ва сенаторларни давлат раҳбари фармони билан тайинлаш амалиётидан воз кечишни таклиф қилган. Ҳозирда президент 100 сенатордан 16 нафарини, янги лойиҳага кўра эса, 65 сенатордан 9 нафарини тайинлаши мумкин.

Шунингдек, ҳокимларни маҳаллий аҳоли томонидан умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан икки муддатдан кўп бўлмаган муддатга сайлашни жорий этиш таклифи ҳам илгари сурилган. Шундай қилиб, муддат тўғрисидаги норма янги Конституция лойиҳасига киритилган, сайлов тўғрисидаги норма эса йўқ.

Нега ҳокимлар сенатор этиб сайланади?

Собиқ адлия вазири, ҳозирда президент маслаҳатчиси Русланбек Давлетов 2021 йил апрель ойида «Ҳошимов иқтисодиёти» лойиҳасига берган интервьюсида нима учун ҳокимлар сенатор этиб сайланишини тушунтириб берган. Унга кўра, Олий Мажлис Сенати (юқори палатаси) ҳудудий вакиллик органи бўлиб, унда партиявий ёндашув ва сиёсий қарашлар мавжуд эмас. Бундан ташқари, Сенат сенаторлар ўз ҳудудлари манфаатларини ифода этадиган платформа ҳисобланади.

«Ҳар бир вилоятдан 6 нафар сенатор сайланса, улардан биттаси этиб ҳокимлар сайланиб келяпти. Вилоят ҳокими ҳудуддаги асосий давлат хизматчиларидан бири бўлгани учун вилоятлар уларни сайлайди ва Сенатга юборади», — деб, ҳокимлар ўз ҳудудлари муаммоларини яхшироқ билишини таъкидлаган.

Адлия вазирлиги раҳбари Вазирлар Маҳкамаси таркиби парламентнинг амалдаги аъзоларидан иборат бўлган Буюк Британия мамлакатини мисол қилиб келтирди.

«Қонунчилик палатасида бунга йўл қўйилмайди. Депутат доимий равишда депутатлик фаолиятини амалга ошириши керак. Сиёсий партиялар ва фракциялар мавжуд бўлмаган Сенатда эса ҳудудий иштирок этишга Конституцияда рухсат берилган», — деди вазир.

«Ҳошимов иқтисодиёти» лойиҳаси муаллифи Беҳзод Ҳошимовнинг бундай тартиб Конституциянинг «моҳияти» ва мувозанат тизимига қай даражада мос келади, деган саволига, Русланбек Давлетов Сенат қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга эмас, деб жавоб берди. Унинг сўзларига кўра, буни фақат Қонунчилик палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, президент, бош прокурор, Олий суд ва Конституциявий суд амалга ошириши мумкин. Сенаторлар, шунингдек, қонун матни устида ишламайди, фақат қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси томонидан киритилганидан кейин маъқуллайди ёки рад этади.

Вилоят кенгашларига ҳокимлар раислик қилиши масаласига келсак, аввалроқ Адлия вазирлиги ушбу тартибни бекор қилиш таклифини берганди. Русланбек Давлетовнинг ўзи ҳам ҳокимларга кенгашни бошқариш ва депутатларга босим ўтказиш имкониятини берувчи амалдаги тартибни бекор қилиш тарафдори эканини билдиргган.