БМТнинг глобал таълим бўйича махсус элчиси, Буюк Британиянинг собиқ бош вазири (2007−2010) Гордон Браун Гаагадаги Халқаро жиноий суд (ХЖС)ни Афғонистондаги ҳукмрон «Толибон» ҳаракати вакилларини мамлакатда аёллар ҳуқуқлари бузилгани учун жавобгарликка тортишга чақирди.

«Гап аёллар ва қизларга нисбатан мунтазам равишда зўравонлик ҳолатлари ҳақида бормоқда. Улар ўқиш, ишлаш, жамоат жойларига бориш имкониятидан маҳрум қилинган. Бу тақиқларнинг барчаси дискриминациянинг бир кўринишидир. Бу бугунги кунда дунёдаги энг жирканч, ёмон ва кенг тарқалган инсон ҳуқуқлари бузилишидир», — деди у BBC билан суҳбатда.

Бундан ташқари, Браун Буюк Британия ҳукуматини ҳаракатни инсон ҳуқуқлари бўйича ички сиёсатини қайта кўриб чиқишга мажбурлаш учун «Толибон» етакчиларига қарши санкциялар жорий этишга чақирди.

2021 йил август ойида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритганидан бери «Толибон» аёлларга университетда ўқишни тақиқлаб, қизлар учун мактабларни ёпган. Кўплаб жамоат жойлари, жумладан, ҳаммом, спорт заллари ва парклар аёллар учун ёпилган. Бундан ташқари, уларнинг ҳижобда бўлишлари шарт этиб белгиланган. Июль ойида «Толибон» мамлакатдаги аёллар учун барча гўзаллик салонларини ёпишга буйруқ берганди.