20 декабрь, сешанба куни Афғонистон муваққат ҳукуматининг Олий таълим вазирлиги талаба қизларнинг университет ўқиш жараёнларида иштирок этишини тўхтатиб қўйиш ҳақида буйруқ берди, деб хабар берди Афғонистон телеканали Ariana News.

«Афғонистон Ислом Амирлиги Олий таълим вазирлиги университетларга мактуб йўллаб, Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида қизлар учун дарсларни кейинги қарорга қадар зудлик билан тўхтатиш зарурлиги ҳақида маълум қилди», — дейилади телеканал хабарида.

Бу қарорга дарҳол халқаро миқёсда муносабат билдирилди.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш қарорни қоралаб, буни Толибон томонидан берилган «бузилган ваъда» ва «жуда хавотирли ҳаракат» деб атади, дея хабар беради АPnews.

«Хотин-қизларининг фаол иштирокисиз, уларнинг таълим-тарбиясисиз мамлакат қандай ривожланишини, мавжуд муаммоларни ҳал этишини тасаввур қилиш қийин», — деди ташкилот раҳбари.

АҚШнинг Афғонистондаги ярашув бўйича собиқ махсус вакили Залмай Халилзод ТОЛОnews телеканалига берган интервьюсида аёлларни олий таълимдан чеклаш ҳайратланарли эканини айтди.

«На исломда ва на Афғонистон тарихида бундай қарорни оқлайдиган ҳолат йўқ. Афғонистонда ва бутун дунёда таниқли ислом уламолари аёллар билан бир қаторда эркаклар учун ҳам таълим олиш ислом динининг асосий тамойили эканини эслатиб туради», — деди у.

Толибларнинг 2021 йилнинг августида ҳокимиятга келганидан сўнг, аёлларга ўрта таълимни (фақат бошланғич ва олтинчи синфгача ўқишга рухсат берилади) тугатишни тақиқланди. Шунингдек, муваққат ҳукумат кўчада ва жамоат жойларида рўмол кийишни мажбурий қилиб қўйди.