«Толибон» ҳаракати раҳбарияти бир ой ичида Афғонистондаги барча аёллар гўзаллик салонларини ёпишни буюрди, деб ёзмоқда BBC Эзгуликни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш вазирлигига таяниб.

Қарор 2 июлдан кучга кирди. Бироқ вазирлик салонларни тақиқлаш сабаби ва агар мавжуд бўлса, уларнинг ўрнига қандай муқобил вариантлардан фойдаланиш борасида изоҳ бермади.

2021 йилда Афғонистонда «Толибон» ҳокимиятга келганидан сўнг гўзаллик салонлари фаолият юритган, аммо «ёпиқ» белгиси остида ишлаган. Салонлардаги аёллар тасвирлари бўёқлар билан бўяб ташланган.

«Толибон» 1996−2001 йиллардаги биринчи ҳукмронлик даврида ҳам аёллар гўзаллик салонларини ёпганди.

2022 йилда «Толибон» аёлларнинг университетларда ўқишини тақиқлаб, қизлар учун мактабларни ҳам ёпганди. Кўплаб жамоат жойлари, жумладан, ҳаммом, спорт заллари ва боғлар аёллар учун ёпиқ эди. Бундан ташқари, уларга ҳижоб ўраш шарт этиб белгиланган.